Қозоғистон ТИВ раҳбари лавозимидан бўшатилди
Олам
−
26 Сентябрь 6060 2 дақиқа
Бугун, 26 сентябрь куни Қозоғистон давлат раҳбари Қосим-Жомарт Тўқаев фармони билан Ермек Кошербаев Қозоғистон Ташқи ишлар вазири лавозимига тайинланди. Бу ҳақда мамлакат Президентининг матбуот хизмати хабар берди.
Расмий маълумотларга кўра, Ермек Кошербаев 1965 йил 2 май куни Олмаотада туғилган. У Киров номидаги Қозоғистон давлат университетини тамомлаган. Шунингдек, 1993 йилда СССР Ташқи ишлар вазирлигининг Дипломатия академиясида “халқаро муносабатлар ва ташқи сиёсат” бўйича таҳсил олган.
Меҳнат фаолиятини 1988 йил январидан май ойигача Олмаотадаги 170-ўрта мактабда тарих фани ўқитувчиси сифатида бошлаган. 1988–1991 йилларда Қозоғистон ССР Ташқи ишлар вазирлигида катта инспектор, иккинчи котиб ва биринчи котиб лавозимларида ишлаган.
Собиқ вазир Мурат Нуртлеу эса Президент фармони билан халқаро инвестиция ва савдо ҳамкорлиги масалалари бўйича Қозоғистон Президенти ёрдамчиси лавозимига тайинланган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 4 сентябрь куни “Орда” ахборот портали Қозоғистонда Нуртлеу, шунингдек, Миллий хавфсизлик қўмитасининг бир қатор ходимлари ва тадбиркор Гаджи Гаджиев ҳибсга олингани ҳақида хабар берган эди. Бу маълумотни Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги расман рад этиб, уни нашр томонидан журналист этикасининг бузилиши деб баҳолади.
Миллий хавфсизлик қўмитаси ўша куниёқ ўз ходимларининг ҳибсга олингани ҳақидаги маълумотни рад этди, расмийлар ёлғон маълумот тарқатганлик учун жавобгарлик ҳақида ҳам огоҳлантирди. Олмаота прокуратураси 6 сентябрь куни ОАВ бош муҳарририга жиноят иши қўзғатилиши билан таҳдид қилиб, ёлғон маълумот тарқатишга йўл қўйилмаслиги ҳақида огоҳлантириш берилишини маълум қилди.
Live
Барчаси