Қозоғистон тарихда илк бор еврокубок финалига мезбонлик қилади
Спорт
−
17:01 532 2 дақиқа
UEFA Ижроия қўмитаси Остонадаги “Астана Арена” стадионини 2028 йилги UEFA Суперкубоги ўтказиладиган майдон сифатида тасдиқлади. Бу ҳақда UEFA матбуот хизмати хабар берди.
Шу тариқа, 2028 йил август ойида қозоғистонлик мухлислар мамлакат пойтахтида Чемпионлар лигаси ғолиби ва Европа лигаси ғолиби ўртасидаги баҳсни томоша қилиш имконига эга бўлади. Шунингдек, мазкур учрашув UEFA ҳомийлигидаги энг шарқий соврин учун баҳс бўлади.
Бунга қадар ушбу мақом 2019 йилда “Челси” ва “Арсенал” ўртасидаги Европа лигаси финалига мезбонлик қилган Баку шаҳрига тегишли эди.
UEFA Суперкубоги мезбони сифатида Остона танланганидан ташқари, 2028 йилги еврокубок финаллари ўтказиладиган стадионлар ҳам тасдиқланди. Чемпионлар лигаси финали Мюнхендаги “Альянц Арена”да, Европа лигаси финали эса Бухарестдаги Миллий стадионда бўлиб ўтади.
2009 йилда қурилган “Астана Арена” учун бу тарихдаги энг нуфузли учрашув бўлади. Ушбу стадионда аввал “Астана” иштирокидаги Чемпионлар лигаси гуруҳ босқичи ўйинлари, шунингдек, Қозоғистон миллий терма жамоасининг баҳслари ўтказилган.
Маълумот учун, 1998 йилдан 2012 йилгача UEFA Суперкубоги Монакодаги “Луи II” стадионида мунтазам ўтказилган. 2013 йилдан эса UEFA ушбу учрашувга мезбонлик қилиш ҳуқуқини Европанинг турли шаҳарларига тақсимлаб келмоқда. Қозоғистон 2028 йилги баҳс билан UEFA Суперкубогига мезбонлик қилган 16-мамлакатга айланади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “Барселона” жамоасининг уй стадиони ҳисобланадиган “Камп Ноу” 2029 йилги Чемпионлар лигаси финалини қабул қилиши ҳақида хабар берилганди.
Live
Барчаси