Қозоғистон Россияга санкцияларни четлаб ўтишга ёрдам беришдан бош тортди
Олам
−
24 Октябрь
5709Қозоғистон ҳукумати Россиянинг халқаро санкцияларни четлаб ўтиш учун мамлакат ҳудудидан фойдаланишига қарши эканини маълум қилди. Бу ҳақда Қозоғистон Ташқи ишлар вазири ўринбосари Роман Василенко Польшанинг PAP агентлигига берган интервьюсида маълум қилди.
“Қозоғистон Россияга қарши санкцияларни қўлламади ва санкцияларга қўшилмади. Шу билан бирга, биз ҳудудимиздан санкцияларни четлаб ўтиш учун фойдаланилишини хоҳламаймиз”, деди Василенко.
Унинг сўзларига кўра, Остона позицияси барча манфаатдор томонларга маълум ва тушунарли бўлиб, бу ҳолат Россияда ҳам, Ғарбда ҳам тўғри қабул қилинади. Василенконинг таъкидлашича, санкцияларни четлаб ўтмаслик учун барча зарур чоралар кўрилмоқда, чунки республика иккиламчи санкциялар жорий этилишини истамайди.
Шунингдек, у Остона ва Москва ўртасидаги икки томонлама муносабатларда муаммо йўқлигини, лекин “турли масалалар” мавжудлигини, чунки икки қўшни давлатнинг ўзаро муносабатлари жуда хилма-хил эканини билдирган.
Маълумот учун, Ғарб компаниялари Россия бозорини тарк этганидан сўнг, Қозоғистон Россияга маҳсулот олиб кириш бўйича йирик марказга айланган. Бироқ ўтган йилнинг апрель ойида Қозоғистон ҳукумати ЕОИИ чегараси орқали маҳсулотларни ўтказишга назоратни кучайтирган, октябрь ойида эса Россияга 106 та санкцияга тушган маҳсулотни экспорт қилишни тақиқлаган.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йили Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Берлинда Германия канцлери Олаф Шольц билан ўтказган матбуот анжуманида Остонанинг Россияга қарши санкцияларга риоя қилишини билдирган эди.
LiveБарчаси