Қозоғистон пиёз экспортига қўйилган тақиқни бекор қилди
Олам
−
10 Апрель 2023
3123Қозоғистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги жорий йилнинг январь ойида 3 ой муддатга пиёз экспортига қўйилган тақиқни бекор қилди. Бу ҳақда мамлакат Қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Вазирликка кўра, чеклов бекор қилинганлигига қарамай, мамлакатда пиёз экспортига нисбатан квота жорий қилинган. Хусусан, жорий йилнинг 8 апрелидан 28 апрелигача республика ҳудудидан учинчи давлатлар ва (Евроосиё иқтисодий иттифоқи)ЕОИИ мамлакатларига 20 минг тонна миқдорда пиёз экспорт қилишга рухсат берилади.
Таъкидланишича, чекловларнинг амал қилиш муддати битта ариза берувчи учун лимит 500 тоннадан ошмайди.
Маълумот учун, 2023 йил январь ойида Қозоғистонда пиёз экпортига қўйилган тақиқ бозорда ушбу маҳсулот нархларини барқарорлаштириш учун амалга оширилган эди.
Шунингдек, жорий йилнинг январь ойида пиёз танқислиги Марказий Осиёнинг бир қатор мамлакатларида, шу жумладан, Ўзбекистон, Қирғизистон, Тожикистонда ҳам кузатилган. Бунинг ортидан мазкур давлатлар ҳам пиёз экспортига чеклов киритганди. Чекловга эса аномал қиш туфайли захирадаги пиёзнинг катта қисми музлаб қолгани, оқибатда бозорда пиёз нархининг кескин ошиб кетгани сабаб бўлган эди. Орадан кўп вақт ўтмай Ўзбекистон ҳамда Қирғизистон Республикалари қўйилган чекловни олиб ташлади.