Қозоғистон гўшти Ўзбекистонга 3 доллардан сотилаётгани айтилди

Олам

image

Қозоғистонда 2025 йил учун божхона статистикаси эълон қилинди. Унда 1 кг гўшт Ўзбекистонга ўртача 3 доллар атрофида сотилгани келтирилган. Бу ҳақда “Cmn.kz” хабар берди.

Қайд этилишича, статистикада 2025 йилда Ўзбекистон Қозоғистондан 66,1 минг тонна мол гўшти ва субмаҳсулотларини 189,9 миллион АҚШ долларига сотиб олгани акс этган. Бу ўртача ҳисобда бир килограмм учун 2,87 долларни ташкил этади. Шу билан бирга, айни даврда Қозоғистон ички бозорида мол гўштининг чакана нархи 30 фоиздан кўпроққа ошиб, бир килограмми 4–4,5 минг тенгега етган.

Қозоғистон Савдо ва интеграция вазири ўринбосари Жанел Кушукова мазкур маълумотларга изоҳ бериб, бундай рақамларни шубҳали деб атаган. У нархлар ўртасидаги тафовутга тўхталар экан, бу рақамлар техник хатолик оқибати бўлиши мумкинлигини билдирган.

“Гўштни давлат давлатга сотмайди, балки аниқ ишлаб чиқарувчи шартнома асосида сотади. Агар ички бозорда нарх бир неча баравар юқори бўлса, ишлаб чиқарувчи учун маҳсулотни 3 доллардан четга сотиш иқтисодий жиҳатдан фойдасиз”, дейди у.

Вазир ўринбосарининг сўзларига кўра, вазиятни алоҳида текшириш зарур.

“Бу маълумотларни синчиклаб ўрганиш, жумладан, божхона органларидан аниқлаштириш керак – техник хатолик бўлиши эҳтимолдан холи эмас”, дейди Кушукова.

Шу билан бирга, Савдо вазирлиги Қозоғистонда мол гўшти нархлари ошишда давом этаётгани ва бу аҳолида хавотир уйғотаётганини тан олган. Кушукованинг айтишича, нархлар кўтарилишининг асосий сабаблари чорва сонини тиклаш жараёнининг вақт талаб қилиши ҳамда Ўзбекистон томондан талабнинг кескин ошганидир.

Унинг тушунтиришича, сўнгги йилларда Ўзбекистонда гўшт истеъмоли сезиларли даражада ошган, бироқ табиий ва географик чекловлар сабаб мамлакат ўз ишлаб чиқаришини худди шундай ҳажмларда кенгайтира олмаяпти.


Мақола муаллифи

Теглар

Қозоғистон гўшт мол гўшти

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг