Қозоғистон ҳам фуқароларини Украинада қолмасликка чақирди

Олам

image

Қозоғистоннинг Киевдаги элчихонаси ватандошларини Украина ҳудудига саёҳат қилмасликка ва иложи бўлса, бу мамлакатни тарк этишга чақирди. Бу ҳақда бугун, 10 октябрь куни дипломатик ваколатхона матбуот хизмати хабар берди. 

“Украина бўйлаб фуқаролик инфратузилмаси ва давлат объектларига ҳужумлар кучайиши муносабати билан Қозоғистон Республикаси элчихонаси ўз фуқароларини Украинага саёҳат қилишдан тийилишга, мамлакатда бўлганларни эса ҳаво ҳужуми сигналларини эътиборсиз қолдирмасликка ва бомбадан яшириниш учун бошпаналарда қолишга чақиради”, дейилади элчихонанинг Telegram-каналида чоп этилган хабарда. 

Бундан ташқари, дипломатик миссия Қозоғистон фуқароларидан иложи бўлса, Украина ҳудудини тарк этишларини ишончли тарзда сўраган.

Аввалроқ, АҚШнинг Украинадаги элчихонаси ҳам фуқаролардан мамлакатни тарк этишни сўраганди. 

Эслатиб ўтамиз, Россия бугун, 10 октябрь куни Киев, Днепр ва Украинанинг бошқа бир қатор шаҳарларини кучли ракета зарбаларига дучор қилди. Украина бутун мамлакат бўйлаб ҳаво огоҳлантиришини эълон қилди. Киевда, шунингдек, Украинанинг бошқа ҳудудларида, жумладан Днепр вилояти, Одесса ва Харьковда эрталаб бир қатор портлашлар содир бўлди. 

Ички ишлар вазири маслаҳатчиси Ростислав Смирновнинг айтишича, камида 10 киши ҳалок бўлган, 60 га яқин киши жароҳатланган. Портлаш оқибатида олтита автомобиль вайрон бўлган, яна 15 таси зарар кўрган. Маҳаллий Telegram каналлари хабарига кўра, портлашлар Украина хавфсизлик хизмати маъмурияти биноси ҳудудида, шунингдек, Украина Президенти Владимир Зеленскийнинг Володимирська кўчасидаги кабинетларидан бирида содир бўлган. Киев метросида қизил чизиқда поездлар ҳаракати тўхтатилди, барча ерости станциялари бошпана сифатида ишлайди. 


Мақола муаллифи

Теглар

Қозоғистон Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

34

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг