Қорақалпоғистондаги ҳужжатсиз уй-жойларга мулк ҳуқуқи берилади
Жамият
−
28 Июль 2023
5751Қорақалпоғистондаги ҳужжатсиз уй-жойларга мулк ҳуқуқи берилади. Бу бўйича бугун, 28 июль куни Президент Шавкат Мирзиёевнинг “Қорақалпоғистон Республикаси аҳолисини ижтимоий қўллаб-қувватлаш ҳамда жисмоний шахслар томонидан қурилган уй-жойларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида” ги фармони қабул қилинди.
Фармонга кўра, Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида фуқароларнинг ҳуқуқ белгиловчи ҳужжатларсиз қурилган уй-жойлари жойлашган ер участкасига ижара ҳуқуқи, унда жойлашган бино ва иншоотларга мулк ҳуқуқи эътироф этилади.
Бунинг учун фуқаро мазкур уй-жойдан 2018 йил 1 майгача бўлган даврдан бошлаб ўзиники каби ҳалол, ошкора ва узлуксиз фойдаланган бўлиши, ушбу ҳолат космик суратларни қайта ишлаш орқали ҳамда сўнгги 5 йил учун ер солиғи ва мол-мулк солиғи тўланганлиги билан тасдиқланган бўлиши керак бўлади.
Ҳуқуқларни эътироф этиш халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашларининг қарорлари билан тасдиқланадиган уй-жойлар рўйхатига мувофиқ Жўқорғи Кенгес қарори билан расмийлаштирилади. Бунда:
• талабгорлар ва (ёки) чегарадош ер участкалари эгалари ўртасида низо мавжуд бўлган ҳолларда, халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашларининг қарорлари низо бартараф этилганидан кейин қабул қилинади;
• халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашлари томонидан қарорлар қабул қилиш ҳамда уларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритишнинг охирги муддати – 2024 йил 1 август ҳисобланади;
• халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг қарорлари тегишли адлия органида ҳуқуқий экспертизадан ўтказилганидан кейин қабул қилинади ва расмий эълон қилинганидан кейин кучга киради.
LiveБарчаси