Қорақалпоғистонда кўзи ожизлар кутубхонасига ажратилган пуллар талон-торож қилинди
3-саҳифа
−
14 Май
3448Қорақалпоғистонда кўзи ожизлар махсус кутубхонасига ажратилган пуллар талон-торож қилингани аниқланди. Бу ҳақда Бош прокуратура маълум қилди.
Қайд этилишича, Бош прокурор ўринбосари Ш.Тўхтабоев бошчилигидаги ишчи гуруҳ томонидан Қорақалпоғистонда ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий ҳимоя қилиш ва уларнинг таълим олиши учун яратилган шароитлар аҳволи ўрганилган.
Жумладан, ишчи гуруҳи Нукус шаҳрида жойлашган кўзи ожизлар махсус кутубхонаси фаолияти билан яқиндан танишиб, мутасаддиларга ахборот-кутубхона хизмати кўрсатиш сифатини ошириш, зарур адабиёт ва жиҳозлар билан таъминлаш бўйича тегишли кўрсатмалар берилган.
Шунингдек, ушбу махсус кутубхона маъмурий биносини янгидан қуриш ва жиҳозлаш бўйича амалга оширилган қиймати 10,4 млрд. сўмлик пудрат ишлари ўрганилиб, жами 530,4 млн. сўмлик ишлар ҳақиқатда бажарилмаган бўлса-да, ҳисоботларга қўшиб ёзиш йўли билан бюджет маблағлари талон-торож қилингани аниқланди.
Ачинарлиси, кутубхонани жиҳозлаш мақсадида ажратилган 2 та “брайл” принтери учун 90 млн. сўм ва 1 та овоз ёзиш студияси учун 50 млн. сўм маблағлар ҳам ўзлаштириб юборилгани оқибатида кўриш қобилиятида нуқсони бор шахсларни қорақалпоқ тилида зарур адабиёт ва аудио материаллар билан таъминлаш имкони чекланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисми “а” банди ҳамда 209-моддаси (Мансаб сохтакорлиги) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилди.
Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилиб, етказилган зарарни қоплаш чоралари кўрилмоқда.
LiveБарчаси