Депутатлар таҳлилларсиз жорий қилинган амалиётдан норози
Жамият
−
30 Октябрь 2019
4270Кеча, 29 октябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида "Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида шифокорлар фаолиятидаги муаммолар, кундузги стационарлар фаолияти ва уларнинг таҳлили"га бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Унда бу борада йўл қўйилаётган камчиликлар, аниқланаётган муаммолар муҳокама марказида бўлди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси матбуот хизмати хабар бермоқда.
Қайд этилганидек, бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларининг аҳолига яқинлаштирилгани, яъни қишлоқ врачлик пунктлари негизида оилавий поликлиникаларнинг ташкил этилиши, уларда тор соҳа мутахассислари фаолиятинининг ҳамда кундузги стационарларнинг ташкиллаштирилиши стационарга бўлган юкламани камайтирди.
Республикадаги 1 минг 198 та бирламчи тизим муассасаларида аёллар маслаҳатхоналари, 200 та кўп тармоқли марказий поликлиникаларда қизлар саломатлиги хоналари ва перинатал скрининг хоналари ташкил этилди ва 200 та юқори сезувчи замонавий ультратовуш аппаратлари билан жиҳозланди.
Бундан ташқари, 793 та қишлоқ оилавий поликлиникаларига Осиё тараққиёт банкининг кредит маблағлари ҳисобидан 9 турдаги тиббиёт асбоб-ускуналари билан жиҳозлаш ишлари бошлаб юборилди.
Шунга қарамасдан, депутатлар томонидан ўтказилаётган ўрганишлар ва таҳлиллардан маълум бўляптики, тиббий патронажни ташкил қилиш бўйича ягона норматив–ҳуқуқий ҳужжат, шунингдек, тиббий патронажни амалга оширувчи умумий амалиёт шифокорлари ва патронаж ҳамширалари иш тақсимотида ягона ёндашув мавжуд эмас.
Масалан, патронаж ҳамшираси қишлоқ врачлик пунктида 750 нафар аҳолига 1 ставка бўлса, қишлоқ оилавий поликлиникада 1000 нафарига, шаҳардаги оилавий поликлиникада 667 нафарига 1 ставка кўзда тутилган.
Шунингдек, белгиланган тартибга кўра, умумий амалиёт шифокори кунига 6 нафар фуқарони уйига бориб кўриши белгиланган бўлиб, бу вақтда поликлиника ёки ҚВПга келган беморларни қабул қилиш имкони бўлмайди. Бундан ташқари, умумий амалиёт шифокори учун ҳар куни 6 нафар беморни уй шароитида кўриш тўғрисидаги талаб шифокорнинг имкониятига мос эмас. Яъни, ҳудудда бундай бемор бор-йўқлиги ёки уйига боришга зарурат бор–йўқлиги масаласига эътибор қаратилмаган.
Таъкидланганидек, барча касалликларда ҳам кеча–кундуз шифохонада ётиб даволанишга эҳтиёж йўқ. Шунингдек, стационарда даволаниб чиққанидан кейин муолажаларини давом эттириш зарурати бўлганида, айниқса, кекса ёшдаги фуқаролар, эҳтиёжманд аҳоли қатламини қамраб олишда кундузги стационарлар муҳим ўрин эгаллайди.
Ўзига яқин ҳудуддаги оилавий ёки қишлоқ оилавий поликлиникаларидаги кундузги стационарлар ана шундай тоифадаги беморлар учун жуда қўл келади.
Ваҳоланки, оилавий поликлиниканинг ўзида лаборатор таҳлилларни ўтказиш, тегишли муолажаларни олиш имкони кенгайди.
Шундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, кундузги стационарларда муолажа олиш, биринчидан, беморнинг вақтини, маблағини тежайди, оворагарчиликнинг олдини олади. Иккинчидан, хаста одам кундузги шифохонада доимий ҳолидан хабар олувчи шифокори ва патронаж ҳамширасининг назоратида бўлади.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари жойларда ўтказган ўрганишлар жараёнида, афсуски, кундузги шифохоналар имкониятидан етарлича фойдаланилмаётгани аниқланди. Айрим оилавий поликлиникаларда кундузги шифохоналар учун хоналар етишмаса, бошқаларида эса, турли сабаблар билан шифо ўринлари ташкиллаштирилмаган.
Ушбу масала Ҳукуматнинг Парламентдаги ҳисоботи чоғида ҳам айрим депутатлар томонидан ўртага ташланган эди. Аммо масала ҳанузгача ечилмасдан қолмоқда.
Яъни, амалдаги вақтинчалик штатлар нормативида кундузги шифохоналар учун 20 та шифо ўрни мавжуд бўлганда 1 штат врач ва ҳамширалар ажратилиши кўрсатилган. Жойлардаги шароитлардан келиб чиқиб, 10–12 шифо ўринлари ташкил қилинган оилавий поликлиникаларга 0,5 ставка шифокор ва ҳамшира штатлари ажратилган. Ваҳоланки, бу шифокор ёки ҳамшира атиги уч соат ишлайди дегани, холос. Қолган вақтда кундузги шифохона ишламайдими, деган ҳақли саволга тайинли жавоб йўқ.
Депутатларнинг фикрига кўра, жойлардаги оилавий поликлиникаларда 20 та шифо ўрнини ташкил қилишга эҳтиёж ҳам йўқ, аслида. Имкониятдан келиб чиқиб ташкил этилган шифо ўринларидан самарали фойдаланилса, барча беморларга хизмат кўрсатиш имкони туғилади.
Парламент аъзолари аслида 20 та шифо ўрнидан келиб чиқиб штат ажратиш амалиётини Молия ёки Соғлиқни сақлаш вазирликларининг бюджет маблағларини иқтисод қилиш мақсадида, аниқ таҳлилларсиз жорий қилган иши деб ҳисоблайди. Сабаби, бугунги кундаги воқелик бу айнан жойлардаги вазиятдан келиб чиқилган аниқ ёндашув натижаси эмаслигини кўрсатмоқда.
Танқидий таҳлил, баҳс-мунозара руҳида кечган йиғилишда ушбу масалалар Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутасаддилари, амалиётчилар ҳамда экспертлар иштирокида чуқур муҳокама қилинди.
Шунингдек, яқинда ўтказилиши режалаштирилаётган Парламент эшитуви давомида Соғлиқни сақлаш вазирининг мазкур масалалар ечими юзасидан ҳам Парламент қуйи палатасига маълумот тақдим этиши сўраладиган бўлди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь