Қонун ва Президент фармони бузилган. Андижондаги “дарахт қирғини” тафсилотлари маълум бўлди

Жамият

image

Аввалроқ, кеча, 15 январь куни тунда Андижон вилояти перинатал марказида мамлакатда ўрнатилган мораторийга қарамай, 12 туп дарахт ноқонуний кесиб ташлангани ҳақида хабар берган эдик. Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ҳолат бўйича бошланган ўрганишнинг дастлабки натижаларини эълон қилди.

Дастлабки суриштирув натижаларига кўра, Андижон шаҳар Перинатал маркази ҳудудида 12 туп “элдор қарағайи” дарахти мораторий талабларига зид равишда ноқонуний кесилганлиги қайд этилди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 18 февралдаги 93-сон қарори билан тасдиқланган “Давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталар қимматбаҳо навларининг рўйхати”га “Элдор қарағайи” (Pinus eldarica) жуда чиройли манзарали дарахт сифатида киритилган.

“Мазкур ҳолатда Ўзбекистон Республикасининг “Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги қонунининг 37-моддаси 2-банди, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 30 декабрдаги “Республикада кўкаламзорлаштириш ишларини жадаллаштириш, дарахтлар муҳофазасини янада самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонининг 2-банди талаблари бузилганлиги аниқланди”, дейилади хабарда.

Ўрганишлар давомида кесилган дарахтларнинг диаметр ўлчамлари 12 см дан 40 см гача эканлиги, дарахтларни қонунга хилоф равишда кесиш натижасида ўсимлик дунёсига кўп миқдорда зарар етказилганлиги қайд этилди.

Маълум қилинишича, мазкур ҳуқуқбузарлик ҳолати бўйича ҳужжатлар қонунчиликда белгиланган тартибда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига тақдим этилади.

Ҳозирда ҳолат бўйича Андижон вилояти экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси, Ички ишлар бошқармаси ҳамда мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда ўрганиш ишлари давом эттирилмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

дарахт мораторий

Баҳолаганлар

364

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг