Қодировнинг уч ўғли бирваракайига мукофотланди
Олам
−
09 Ноябрь 2023
8962Чеченистон раҳбари Рамзан Қодировнинг ўғиллари Али, Аҳмад ва Адам Қодиров Чеченистон парламентидаги рағбатлантиришнинг энг юқори шакли – “Даймехкан Сий” (Ватан шарафи) ордени билан тақдирланди. Бу ҳақда Республиканинг Миллий сиёсат, ташқи алоқалар, матбуот ва ахборот бўйича вазири Аҳмад Дудаев Telegram'даги каналида маълум қилди.
“Чеченистоннинг биринчи Президенти, Россия қаҳрамони Аҳмад-Ҳожи Қодировнинг набиралари – Али, Аҳмад ва Адам “Даймехкан Сий” ордени билан тақдирланишди. Улар ёш авлод учун ёрқин намунадир!” дейди у.
Дудаевнинг сўзларига кўра, Адам, Аҳмад ва Али Қодировлар оиласининг бошқа вакиллари сингари чечен халқининг ҳақиқий ғурури ҳисобланади. Унинг таъкидлашича, улар болалигиданоқ дин асосларини чуқур ўрганган, учаласи ҳам Қуръони Каримни ёд олган. Шунингдек, ўқиш, спорт ва ижтимоий фаолиятда муваффақият қозонган.
Маълумот учун, Аҳмад Қодиров 18, Али 16, Адам эса 15 ёшда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Чеченистон раҳбари Рамзан Қодировнинг ўғли Адам Қодиров Кабардин-Балкар Республикаси олдидаги хизматлари учун ордени билан тақдирланганди. Бироқ минтақа раҳбари Казбек Коков 15 ёшли Адам Қодиров қандай хизматлари учун орден олганига аниқлик киритмаган.
LiveБарчаси