Қодировнинг онаси ҳам “қора рўйхат”га тушди
Олам
−
03 Сентябрь 8302 2 дақиқа
Буюк Британия Чеченистон раҳбари Рамзан Қодировнинг онаси Аймани Қодирова ва у бошқарадиган Аҳмад Ҳожи Қодиров номидаги фондни санкциялар рўйхатига киритди. Бу ҳақдаги рўйхат Британия ҳукуматининг сайтида эълон қилинди.
Чеклов қўйилган шахсларнинг активлари Буюк Британия ҳудудида музлатилади, шунингдек, уларга мамлакатга кириш тақиқланади.
Британия ҳукумати Аймани Қодировани рўйхатга киритилишига асосий сабаби сифатида унинг фонди ва Россия ҳукумати ўртасида алоқалар борлигини кўрсатган. Қироллик уни “жалб қилинган шахс” деб атаган.
2022 йилда Россия Президенти Владимир Путин Аймани Қодировани “ижтимоий фаоллиги учун” Фахрий орден билан мукофотлаган эди. Мукофотни шарҳлар экан, Чеченистон раҳбари унинг бошчилигидаги фонд жанговар ҳудудларга мунтазам гуманитар ёрдам юбориб келаётганини эслатган. Бу эса Қодирова қўли остидаги фонд Россия армиясини қўллаб-қувватлаётганини кўрсатади.
Ўша йили Қодировнинг онаси “Дўстлик” ордени билан ҳам тақдирланган.
Қодировадан ташқари санкциялар рўйхатига 11 нафар жисмоний ва юридик шахс киритилган. Улар орасида:
- Татаристон бош вазирининг ўринбосари Лайло Фазлиева;
- Федерал ўсмирлар маркази раҳбари Валерий Майоров;
- Россия қаҳрамони, Аҳмад Ҳожи Қодиров номидаги махсус полиция полки қўмондони, ҳарбий операция иштирокчиси Замид Чалаев;
- Татаристон ёшлар ишлари вазири Ринат Содиқов;
- Собиқ Давлат думаси депутати, истеъфодаги милиция генерал-лейтенанти ва Россия Федерал контрразведка хизмати генерал-майори Александр Гуров;
- Таълим вазирлигининг Болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш давлат сиёсати департаменти директор ўринбосари Анастасия Аккуратова ҳам бор.
Аймани Қодирова 2024 йилнинг июнь ойидан бери Европа Иттифоқи санкциялари остида. Қодиров онасининг санкциялар рўйхатига киритилишини унинг ҳарбий операцияни фаол қўллаб-қувватлаши билан боғлаб, буни “совға” деб атаган. Москва эса санкцияларни ноқонуний деб ҳисоблайди ва уларнинг бекор қилинишини талаб қилиб келмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Буюк Британия Россияга қарши санкциялар доирасида “қора рўйхатга” Россия ва Қирғизистонда рўйхатдан ўтган Grinex криптобиржаси, Қирғизистоннинг “Kapital Bank”и, Бишкекдаги “TengriCoin” ва “Old Vektor” компанияларини киритганди.
Live
Барчаси