Қорақалпоғистон бўйича моддалар ўзгариши мумкин. Қодиров кутилмаган баёнот берди

Local

image

Ўзбекистон Республикасининг амалдаги Конституцияси 3-моддасида “Ўзбекистоннинг давлат чегараси ва ҳудуди дахлсиз ва бўлинмасдир”, деб қайд этилган. Бироқ, 70-моддада “Суверен Қорақалпоғистон Республикаси Ўзбекистон Республикаси таркибига киради”, деб қайд этилган. Хўш, бир суверен мамлакат ичида иккинчи суверен мамлакатнинг бўлиши қанчалик тўғри? Кўпчилик бу ҳуқуқий қарама-қаршиликни тузатишни талаб қилмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси спикерининг ўринбосари – Конституцион комиссия раиси ўринбосари Алишер Қодиров ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида сўз очди. 

У ўз ёзганларида Конституцияга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича қонун лойиҳасининг халқ муҳокамаси 15 июлдан 1 августгача узайтирилганини изоҳлади. 

“Фикримча, кўпгина одамлар том маънода Конституцион ислоҳотларни мазмунини энди тушуниб етдилар. Таклифларнинг кўплиги ўз йўлига, уларни қўллаб-қувватловчилар ёки танқид қилаётганларнинг овозлари аниқ ва асосли эшитила бошлади. Таклифлар такомиллашди, эътирозлар асослантирилмоқда. Аслида айнан шу биз кутган жараён эди”, дейди Қодиров.  

Унинг таъкидлашича, қарашларни маданият билан тортишиш, хайрихоҳларни кўпайтириш учун ташвиқот-тарғибот қилиш, қарорлардан норози бўлиш – фуқаролик жамиятининг асосий белгиларидан бири. Лекин, қўллаб-қувватлаш ёки норозиликни маълум қилишнинг қонунда белгиланган, самарали ва маданиятли шакллари бор.  

“Биронта норма сиз истагандек бўлмаслиги мумкин, демак сиздек ўйлайдиганлар етарли кўп эмас. Демократия сиз танлаган эмас, кўпчилик танлаган қарорни қабул қилинишидир”, дейди Парламент қуйи палатаси раиси ўринбосари. 

У айнан Қорақалпоғистон билан боғлиқ моддалар бўйича кўплаб саволлар келиб тушаётганини айтган:

“Масалан, кўп ватандошлар савол бераябди: Конституциянинг 3-моддасида Ўзбекистон ҳудуди бўлинмасдир, деб ёзилган, унда нега Конституциянинг бошқа моддаси Ўзбекистон ҳудудини бўлишга ҳуқуқ беради? Ёки, суверен давлатни ичида яна суверен давлат бўлиши мумкинми? Кўпчилик бу ҳуқуқий қарама-қаршиликни тузатишни талаб қилмоқда”.  

Қодировнинг урғулашича, демократия кўпчиликнинг қарорини тан олишдир. Кўпчилик қарорини тан олмайдиган бузғунчи озчиликлар нафақат ривожланишни тўхтатади, балки мамлакатни ўйин майдонига айлантириб юбориши мумкин. 

“Барча ўзбекистонликларни муҳокамаларда фаол бўлишга чақираман. Халқ нима деса шу бўлади! Тўғрироғи, халқнинг кўп қисми нима деса, шу бўлади. Унутманг, Конституция ҳам,  Ўзбекистон ҳам ягона ва бизникидир!”, деб сўзларига якун ясаган Қодиров. 

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг бугун, 15 июль куни ўтказилаётган ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳасининг умумхалқ муҳокамаси муддати 1 августгача узайтирилди


Rate Count

1500

Rating

3

Rate this article

Share with your friends