Қодиров Исроилдан фаластинликлар учун узр сўрашни талаб қилди
Олам
−
10 Май 2021
13178Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров Исроил расмийларининг Шарқий Қуддусдаги ҳарбий амалиётини «қонунбузарлик» деб атади. Бу ҳақда у ўзининг Telegram каналида ёзган.
“Дунё бўйлаб мусулмонлар учун энг азиз бўлган иккита байрам бор ва Рамазон улардан биридир. Исроил расмийлари жазолаш амалиётига диндорлар учун энг муқаддас кунларни танлади. Бу энг мураккаб шаклдаги провокациядан бошқа нарса эмас”, деб ёзади Қодиров.
Унинг сўзларига кўра, халқаро ҳамжамият содир бўлаётган воқеалар фонида жим турмаслиги керак.
“Шарқий Қуддусдаги қонунбузарлик зудлик билан тўхтатилиши керак”, дейди Қодиров.
Унинг фикрига кўра, Исроил расмийлари содир бўлган воқеа учун фаластинликлардан кечирим сўраши керак.
Эслатиб ўтамиз, 7 май – Рамазон ойининг охирги жума куни, Қуддусдаги Ал-Ақсо масжиди атрофида тартибсизликлар бошланди. Бунга Исроил полицияси томонидан одамлар таровеҳ намозини ўқиётган ушбу масжидга ҳужум қилгани сабаб бўлган. Бундан ташқари Исроил суди Шайх Жарроҳ маҳалласида яшовчи араб оилаларини кўчириш тўғрисида қарор чиқарган.
Фаластин қизил ярим ой жамиятининг хабарига кўра, Исроил полицияси 205 нафар фаластинлик мусулмонни жароҳатлаган. Шунингдек, масжидга қилинган ҳужум пайтида 13 фаластинлик Исроил полицияси томонидан ҳибсга олинган.
Ўз навбатида, халқаро ҳамжамият Шарқий Қуддусдаги фаластинлик оилаларни кўчириш бўйича суд қарорини маъқулламаган.
БМТ Исроилни ҳар қандай ҳужумларни бекор қилиш ва намойишчиларга қарши куч ишлатмасликка чақирган бўлса, АҚШ вазиятнинг кескинлашганидан қаттиқ хавотирда эканини маълум қилган.
Шундан сўнг, Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған исломий мамлакатлар ва бутун дунё жамоатчилигини оккупация қилинган Шарқий Қуддусдаги фаластинликларни ўз уйларидан зўрлик билан чиқариб юбораётган Исроилнинг агрессив ҳаракатларига нисбатан самарали қаршилик кўрсатишга чақирди.
LiveБарчаси