Қизи сабаб Истанбулда кўчада қолиб кетган она Ўзбекистонга қайтарилди
Жамият
−
14 Сентябрь
7862Ўз қизи томонидан қийин аҳволда қолдирилган аёл ва унинг ўғли Ўзбекистонга қайтарилди. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси хабар берди.
Қайд этилишича, Бош консулхонага 45 ёшли фуқаро И.Г. ўзи ва вояга етмаган фарзанди Истанбулда қийин аҳволда қолгани сабабли Ўзбекистонга қайтишда ёрдам беришни сўраб, мурожаат қилган.
Маълум бўлишича, жорий йилнинг август ойида аёл 19 ёшли қизи А.Б.ни мадрасада диний таълим олиш учун Истанбулга юборган. Орадан бироз вақт ўтгач эса ишлаб пул топиш ва фарзандига ғамхўрлик қилиш мақсадида ўзи ҳам 12 ёшли ўғли билан қизининг олдига Истанбулга келган.
Бироқ Истанбулга келгач, қизи мадрасада ўқимаётганини, қолаверса, бегона бир эркак билан “шаръий” никоҳдан ўтиш ниятида эканини билган.
Фарзандига насиҳат берган она қизининг қаршилигига учраган ҳамда ўз фарзанди томонидан кўчага чиқариб юборилган ва шу тариқа фуқаро И.Г. 12 ёшли ўғли билан кўчада қолган.
Қийин шароитда қолган она-бола Бош консулхона ва Ўзбекистон Республикаси Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Истанбул шаҳридаги вакили, “Ўзбек аёллари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш” жамияти кўмагида ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси Андижон вилояти вакиллиги ҳомийлиги ёрдамида бугун, 14 сентябрь куни Ўзбекистонга юборилди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россияда қолиб кетган ўзбекистонлик бола ортга қайтарилганди.
LiveБарчаси