Пичоқбозлик ва ЙТҲнинг юлдузли қурбонлари

Таҳлил

Ўзбекистон спорт оламида кўплаб иқтидорли ва машҳур спортчилар етишиб чиққан. Афсуски, улар орасида ҳаёт йўлини фожиали тарзда якунлаганлари ҳам йўқ эмас. Пичоқбозлик ёки автоҳалокат оқибатида йўқотилган бу спортчилар нафақат қайд этган натижалари, балки жамиятда тутган ўрни билан ҳам эл-юрт хотирасида абадий сақланади. Биз мана шундай бахтсиз ҳодиса қурбони бўлган машҳур ўзбек спортчилари: Мурод Хонтўраев, Жамшид Кенжаев, Элбек Раҳимов, Диёрбек Раҳимқулов кабиларни яна бир бор хотирлашга қарор қилдик.

Мурод Хонтўраев

“Осиё айиғи” тахаллуси билан танилган ўзбекистонлик жангчи Мурод Хонтўраев 1987 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. У 2013 йилда ММА бўйича профессионал фаолиятини бошлайди ва бир қанча ютуқларга эришади. Энг ёдда қоларлиларидан бири Россия Президенти Владимир Путиннинг шахсий қўриқчиси Евгений Ерохинни октагонда “ухлатиб” қўяди ва мамлакат раҳбарининг ҳайрати ва олқишига сабаб бўлади.  Хонтўраев спортчилик карьераси давомида айни дамда UFC’да фаолият олиб бораётган молдовалик Ион Куцелабани бир неча секунддаёқ мағлубиятга учратган. Унинг жанг услуби кўпчиликни ҳайратга соларди, сабаби у оғир вазн тоифасида жанглар ўтказганига қарамай, оёқ билан жуда талафотли зарбалар йўлларди. Айниқса, унинг оёқ билан айланма зарбаси, яъни “round kick” билан ҳам анча танилган. Мурод Хонтўраев профессионал фаолияти давомида 15 та жанг ўтказиб, шундан 12 та ғалаба ва 3  мағлубият қайд этган.

Спортдаги улкан натижалардан кейин Мурод Хонтўраев Ўзбекистон аралаш яккакурашлар спорт тури ассоциацияси вице-президенти этиб тайинланди.  Обрў-эътибори ортганидан сўнг унинг душманлари кўпайди. 2018 йил 9 июнь куни Тошкент шаҳридаги ресторанлардан бирида Мурод Хонтўраев пичоқлаб кетилди. У шифохонага ётқизилди ва жарроҳлик амалиёти ўтказилди. Ҳодиса юзасидан жиноят иши қўзғатилган ва тергов ишлари олиб борилган. Лекин Хонтўраев мардлик кўрсатиб, ушбу жиноят бўйича даъво аризаси бермаган ва суддан жазони енгиллаштирилишини сўради. 

Аммо яна бир бахтсиз ҳодиса унинг ҳаётдан барвақт кўз юмишига сабаб бўлди.  Аниқроғи, 2021 йил 19 июль куни соат 11:30 ларда Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги 4Р-12 автомобиль йўлининг 68-километрида Хонтўраев бошқарувидаги BMW X5 русумли автомашина Lacetti русумли автомобиль билан тўқнашиб, йўлдан чиқиб кетиб, ағдарилган. Оқибатда Хонтўраев воқеа жойида вафот этган, унинг шериги эса тан жароҳати билан шифохонага етказилган. Мазкур йўл-транспорт ҳодисаси бўйича жиноят иши қўзғатилган бўлиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилган. Хонтўраевнинг ўлими ўзбекистонлик спорт жамоатчилиги учун катта йўқотиш бўлди. Мурод Хонтўраев спорт мухлислари-ю мутахассисларининг ёдида қолди.

Жамшид Кенжаев

Жамшид Кенжаев 1993 йилда туғилган. У эркин кураш бўйича халқаро тоифадаги спорт устаси эди. Кенжаев 2018 йил 8 август куни Тошкент шаҳридаги “Aurum-898” тунги клубида қўриқчилар билан юзага келган жанжал оқибатида пичоқлаб ўлдирилган. Мазкур ҳодиса жамоатчилик орасида катта шов-шувга сабаб бўлган.

Суд ҳукми билан судланувчи Шодали Қиличов 18 йил озодликдан маҳрум қилинган, бошқа судланувчилар Саидазим Камолиддинов, Алижон Ҳамроев ва Жаҳонгир Ёрқулов ҳар бири 5 йилдан озодликдан маҳрум қилинган. Шунингдек, суд Жамшид Кенжаевнинг оиласига маънавий зарар учун 300 миллион сўм тўланишини белгилаган. Ушбу фожиа спорт жамоатчилиги ва кенг жамоатчилик томонидан чуқур қайғу билан қабул қилинган. 

Элбек Раҳимов

Элбек Раҳимов Қарши шаҳрида яшаган ва ушу спорти билан шуғулланган спорт мураббийи эди. 2021 йил 17 август куни у бир гуруҳ шахслар томонидан калтакланиб, Чироқчи туманига олиб кетилган ва у ерда ҳам пичоқ ҳамда темир бўлаклари билан калтакланган. Шундан сўнг, уни Чироқчи туман тиббиёт бирлашмасига ташлаб кетишган, аммо кўрсатилган тиббий ёрдамларга қарамай, у шу куни вафот этган.

Мазкур жиноят иши бўйича 26 нафар шахсга айблов эълон қилинган. 2022 йил 5 май куни Қашқадарё вилоят судида ушбу иш бўйича суд жараёни якунланиб, судланувчиларга нисбатан 3 йилдан 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазолари тайинланган. Шунингдек, марҳумнинг қонуний вакили фойдасига 11 нафар судланувчидан 10 миллион 800 минг сўм моддий ва 150 миллион сўм маънавий зарар ундирилиши белгиланган. 

Ушбу фожиа жамоатчилик орасида катта шов-шувга сабаб бўлган ва ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан қатъий назорат остида тергов қилинган.

Диёрбек Раҳимқулов

Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси ва “Бунёдкор” клубидаги фаолияти билан танилган Диёрбек Раҳимқулов 2021 йилнинг 11 декабрида 20 ёшида автоҳалокатга учраб, вафот этди. Раҳимқулов футболчилик фаолияти давомида “Бунёдкор” ва “Андижон” клубларида 2021 йилги мавсумда Суперлига ҳамда Ўзбекистон кубоги доирасида 22 та ўйинда майдонга тушиб, 1 та гол ва 1 та ассист қайд этган. Раҳимқулов Ўзбекистон Олимпия терма жамоасида ўз ўрнига эга футболчи эди. Футболчини жамоадошлари ва мураббий Темур Кападзе ёрқин хотиралар билан эслайди.

“Аллоҳ раҳматига олсин. Бу биз учун катта фожиа ва катта зарба бўлди. Биринчидан, йиғиндан олдин бизга автоҳалокат бўлди деган совуқ хабар келди ва биз шокка тушдик. Диёрбек жамоамизда асосий роллардан бирини ўйнарди. Унинг фикрлаши, майдонни кўра билиши, тўп билан ишлаши бир футболчида бўлиши керак бўлган барча фазилат Диёрбекда шаклланди. Бу воқеадан кейин анча ўзимга кела олмадим. Унинг ўрнига кимни майдонга туширишга роса қийналдим. Раҳимқулов жамоадаги асосий футболчилардан бири эди. Ҳар бир ўйинимизда уни хотирлаймиз. Олимпиадага чиқишимизда унинг ҳиссаси катта эди”, дейди Кападзе.

Темур Бердиев

Футзал бўйича ОКМК жамоаси футболчиси Темур Бердиев 2021 йилнинг 27 февраль куни Андижондан Тошкентга қайтаётганида автоҳалокатга учраб, вафот этди. 

Темур Бердиев 1995 йилда туғилган. У фаолияти давомида “Ардус”, “Пахтакор” ва ОКМК клублари сафида тўп тепган. 2021 йилда Бердиев қишки трансферлар ойнасида Бишкекнинг “Фарватер” жамоасига ўтиши режалаштирилган эди.

Отабек Алиев

Андижонлик спортчи, UFC жангчиси Нурсултон Рўзибоевнинг севимли шогирдларидан бири ва жияни Отабек Алиев 2018 йилнинг 18 сентябрида содир бўлган муштлашув оқибатида пичоқлаб кетилди. 

Шаҳрихонда туғилиб-ўсган спортчи аралаш яккакурашлар бўйича бир қанча йирик мусобақаларда зафар қучган. Профессионал ММАда ярим енгил вазн тоифасида 1 та жанг ўтказган ва ғалаба қозонган.

Камолиддин Расулов

Дзюдо бўйича Гран-при мусобақаси совриндори Камолиддин Расулов 2021 йилнинг 13 сентябрида Тошкент шаҳри Учтепа туманида бошқа бир спортчи томонидан пичоқлаб кетилган. 

Камолиддин Расулов 1992 йилда Қашқадарё вилоятида туғилган. У дзюдо бўйича бир неча карра Ўзбекистон чемпиони, самбо бўйича ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпиони ҳисобланади.

Юқорида санаб ўтилган спортчилар ҳаёти, фаолияти давомида кўпчилик мухлис ва мутахассисларнинг ёдида ўчмас из қолдирди.


Мақола муаллифи

Теглар

Жамшид Кенжаев Мурод Хонтўраев Элбек Раҳимов Диёрбек Раҳимқулов

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг