Элбек Раҳимов қотиллиги ташкилотчиси яширинган жойидан ушланди — Бобожонов (видео)
3-саҳифа
−
19 Август 2021
67633Жорий йилнинг 17 август куни Қашқадарёда бир гуруҳ одамлар томонидан шафқатсизларча ўлдирилган аралаш кураш жангчиси Элбек Раҳимов қотиллигини ташкиллаштиришда айбланаётган шахс яширинган жойидан ушланган. Бу ҳақда бугун, 19 август куни Элбек Раҳимов қотиллиги бўйича ўтказилган матбуот анжуманида Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов маълум қилди. Анжуманда вазирдан ташқари, Олий суд раиси Козимжон Комилов ва Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев ҳам иштирок этди.
Ички ишлар вазири Пўлат Бобожоновнинг сўзларига кўра, 102 орқали жиноят ҳақида хабар соат 9:49 да келиб тушган, ходимлар воқеа юз берган жойга хабар тушгандан сўнг, 21 дақиқа ўтиб, соат 10:10 да етиб борган ва иш бошланган.
Унинг қайд этишича, жиноят ташкилотчиси экани айтилаётган З.Б. кеча, 18 август куни Чироқчи туманидаги яшириниб ётган жойидан соат 17:05 да топилган. Қўшимча қилинишича, жиноят содир этганларнинг икки нафари вояга етмаган ва жиноят иштирокчиларининг деярли барчаси нотинч оила фарзандлари бўлган.
Хусусан, Боймирзаевнинг отаси ўз укасининг хотинини ўлдириб, қамоқда ўтиргани айтилди. Шунингдек, Боймирзаев қотиллик ташкилотчиси бўлган бошқа бир йигит билан бир уйда яшаган.
Матбуот анжуманида Олий суд раиси Козимжон Комилов мазкур воқеага тўхталиб, бу бўйича суд иши барча учун очиқ тарзда ўтказилишини маълум қилди.
“Тергов ишларига аралашишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Ким айбдор бўлади, мен билмайман. Лекин уларнинг иши очиқ судда кўрилади ва унда журналистлар, блогерлар бемалол қатнашиши мумкин бўлади”, дейди Олий суд раиси.
Бош прокурор Йўлдошевнинг айтишича, жиноят содир этилган жойдан пневматик тўппонча ўқи топилган. Шунингдек, гумонланувчиларнинг машинасидан тўппонча топилган.
Эслатиб ўтамиз, Элбек Раҳимов қотиллиги бўйича Қарши шаҳри ва Қарши туманида яшовчи фуқаролар Ш.Т., Ж.А., О.Р., Я.Я., Ш.З. ва Э.А. ушланган. Ҳолат юзасидан Қарши шаҳар прокурори томонидан З.Б. ва бошқаларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми “л,п” бандлари билан жиноят иши қўзғатилиб, Ш.Т., Ж.А., О.Р., Я.Я., Ш.З. ва Э.А. гумон қилинувчи тариқасида жалб қилинди.
LiveБарчаси