Чемпион Элбек Раҳимов қотиллиги бўйича апелляция суди бошланди

Жамият

image

Ўтган йилнинг август ойида Қарши шаҳрида спорт устаси Элбек Раҳимов қасддан ўлдирилганлиги ва уюшган гуруҳ томонидан содир этилган бошқа жиноятлар юзасидан 24 нафар судланувчи ва жабрланувчи томонидан киритилган апелляция шикоятини кўриш бошланди. Бу ҳақда Олий суд Матбуот котиби Азиз Абидов QALAMPIR.UZ’га маълум қилди.

“Ҳозирги кунда ушбу жиноят ишини 24 нафар судланувчи ва жабрланувчи томонидан киритилган апелляция шикояти асосида Олий суднинг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатида апелляция тартибида кўриб чиқилиши бошланди”, дейди Абидов.

Спорт устаси Элбек Раҳимов 2021 йилининг 17 август куни соат 10:00 атрофида кўп қаватли уйдаги хонадони олдида бир гуруҳ шахслар томонидан ўлдириб кетилган.  Уша куни етти нафар шахс Элбек Раҳимовни кўп қаватли уйидан чиқишини кутиб туриб, чиққанидан кейин уни бош, юз, кўкрак ва танасининг бошқа соҳаларига уриб, оғир тан жароҳати етказган. Сўнг Gentra автомашинасига мажбуран миндириб, жиноий қилмишларини яшириш мақсадида Чироқчи тумани Тиббиёт бирлашмасига олиб бориб, ташлаб кетган.

Оқибатда Элбек Раҳимов кўрсатилган тиббий ёрдамларга қарамасдан шу куни шифохонада вафот этган.

Ҳолат бўйича очилган жиноий иши доирасида 26 киши судланди. Жорий йилнинг 5 май куни Қашқадарё вилоят судида суд ҳукми эълон қилинганди.

Судланувчилар Жиноят кодексининг 97, 109, 111, 127, 137, 169, 277, 28,137, 28,211, 28,277, 210, 230-1, 241-1 моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилганди.

Эълон қилинган суд ҳукмига кўра, судланувчиларнинг 19 нафарига 3 йилдан 20 йилгача бўлган муддатларга озодликдан маҳрум қилиш жазоси, 1 нафарига 2 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси, вояга етмаган шахсларга 5 йил 6 ойдан 10 йилгача бўлган муддатларга озодликдан маҳрум қилиш жазоси ҳамда ички ишлар органларининг собиқ ходимларига 3 йилдан 8 йилгача бўлган муддатларга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланганди.

Марҳумнинг қонуний вакили фойдасига 11 нафар судланувчидан солидар тартибда 10 800 000 сўм миқдорида моддий зарар ва 150 000 000 сўм миқдорида маънавий зарар ундирилиши белгиланганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Элбек Раҳимов

Баҳолаганлар

844

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг