Қишда Ўзбекистон дуч келган газ тақчиллиги Россиянинг ишимиди? Марказий Осиё огоҳлантирилмоқда

Жамият

image

Қишнинг қаҳратон кунлари вақтида ўзбекистонликлар ҳам Украина аҳолиси сингари Россиянинг “газ шантажи” қурбони бўлди. Бу фикр Украина Президенти девони раҳбари Андрей Ермак Марказий Осиё давлатларига йўллаган мурожаатда келтирилган

Ермакка кўра, Украина билан Марказий Осиё давлатларининг тахмин қилинганидан кўра кўпроқ умумийликлари бор. Шунинг учун ҳам ушбу мамлакатлар Киев империалистик Химера (юнон афсоналаридаги маҳлуқ) билан курашаётган бир пайтда четда турмаслиги керак. 

У Россиянинг “босқинчилик тарихи” узоқ даврларга бориб тақалиши, ХIХ асрдаёқ мамлакат Вена конгрессига кўра Марказий Осиёни босиб олиш ҳуқуқини қўлга киритиб, бу ҳудудда “катта ўйин”ни маҳорат билан ўйнаганини таъкидлаган. 

Украиналик сиёсатчи Совет Иттифоқидан мустақилликка эришган Марказий Осиё давлатларининг ташқи дунё билан қиладиган алоқаси кўп векторлиликка асосланиши, Украина ҳам Россия босқинига қадар шундай йўл тутганига урғу берган. 

“Ўзининг амбицияларига сўзсиз бўйсунмагани оқибатида Россиянинг ҳудудий даъволарига дуч келаётган давлат фақат Украина эмас. Қозоғистонлик дўстларимиз буни жуда яхши тушунади. Қишнинг қаҳратонида ўзбеклар ҳам, украиналиклар ҳам Россиянинг газ шантажини бошдан кечиришди. Бу билан бир вақтда Россиянинг усиз ишлаб чиқилган логистика ва энергия транспорти лойиҳаларини кўмиб юбориш ҳақидаги ҳазилини қадимий Буюк Ипак йўли ҳудудида яшайдиган ҳеч бир халққа тушунтиришнинг кераги йўқ. Шунингдек, “русийзабон аҳолини ҳимоя қилиш” деган кинояни ҳам”, дейилади унинг мурожаатида. 

Ермак Марказий Осиё давлатларига Бирлашган Миллатлар Ташкилотида Украинанинг резолюцияларини маъқуллагани учун ташаккур изҳор қилиб, баъзи вазиятларда, ҳатто, тизимли равишда қўлламаса ҳам, “бетараф” позицияда тургани учун миннатдорчилик билдирган. 

У Россиянинг тазйиқи ва бир йилдан ортиқ вақтдан буён давом этиб келаётган ҳарбий босқини ҳам Украинани мағлуб қилолмагани, эндиликда Россия тобора кучайиб бораётган Ғарб санкциялари босими остида заифлашиб қолганини таъкидлаб, у аллақачон дунё сиёсатини белгиловчи суперкучлар қаторидан чиққанини маълум қилган. 

Ермакнинг фикрича, Россия ўнлаб йиллик ҳакамлик ролини сақлаб қолиш учун Марказий Осиёдаги интеграцион жараёнларга, минтақа давлатларининг ўзаро яқинлашувига аралашиб келади. 

У яна “Толибон” масаласига ҳам тўхталиб, ушбу ташкилот Россияда террорчи сифатида қаралса ҳам Москва у билан яқин алоқалар ўрнатганини айтган. 

“Бугунги кунда кўпчилик бундай конвергенцияни барқарорлаштирувчи омил сифатида кўриб чиқишга мойил. Аммо кейин нима бўлади? Кремлнинг радикал ҳаракатлардан фойдаланишининг узоқ тарихини ҳисобга олсак, бу саволга жавоб бериш осон. “Арзонроқ” империя қуришга уриниб, Президент Владимир Путин давридаги Россия қайта-қайта рэкет стратегиясига мурожаат қилади: Кремль муаммо яратишга интилади ва кейин уни ҳал қилиш учун ўзининг (сукут бўйича - муқобили бўлмаган ва жуда қиммат) хизматларини таклиф қилади”, дейилади Ермакнинг мурожаатида. 

Эслатиб ўтамиз, 2022-2023 йилги қиш мавсуми Ўзбекистонда ҳар йилгига нисбатан оғирроқ ўтиб, бир қатор ҳудудларда, ҳатто, пойтахт Тошкентда ҳам электр ва газ тақчиллиги кузатилди. Бу орада эса Россия томонидан Қозоғистон ва Ўзбекистонга газ иттифоқи тузиш таклифи берилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Андрей Ермак газ тақчиллиги

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг