Қиш олди Сергелидаги портлашдан зарарланган уйлар тўлиқ таъмирланмади(ми?)

Жамият

image

Ижтимоий тармоқларда жорий йилнинг 28 сентябрь куни Тошкент шаҳрининг Сергели тумани "Қурувчилар" даҳасида рўй берган портлаш оқибатида шикаст етган хонадонларнинг баъзилари таъмирланмасдан ташлаб кетилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Туман ҳокимлиги мазкур ҳолат юзасидан расмий муносабат билдирди. 

Маълум қилинишича, фавқулодда ҳолат юз берган куни ҳодиса оқибатларини бартараф этиш бўйича тузилган штаб томонидан, ҳодиса оқибатида шикаст етган барча хонадонлар ўша куниёқ хатловдан ўтказилиб, уларни таъмирлаш ишлари бошланган. Шу кунга келиб 39 та кўп қаватли уйдаги 1 144 та хонадонда ишлар якунланган, 65 та хонадон ҳамда 12 та ҳовлида ишлар давом этмоқда.

“Ҳақиқатдан ҳам баъзи шикаст етиш даражаси нисбатан оғирроқ бўлган хонадонларда ҳозирги кунга қадар таъмирлаш ишлари якунига етмаган. Айни пайтда ҳам ишлар кетяпти. Таъмирлашнинг ҳанузгача якунланмаганлиги зарур  жиҳозлар (ностандарт дераза, эшик-ромлар) ни тайёрлаш учун кетадиган муддат билан боғлиқ”, дейилади хабарда.

Ҳокимликнинг қўшимча қилишича, вазиятга пудратчи ташкилотларнинг ўз зиммасига уддалай олмайдиган ишлар ҳажмини олишгани оқибатида вужудга келган кечикишлар, масъулиятсизлик ҳам сабаб бўлган. 

“Афсуски, ҳудуд аҳолиси орасида вазиятдан унумли фойдаланиб қолиш, дераза-ромлар ва эшикларни замонавийларига алмаштириб олиш  мақсадида уларни қасддан синдириш ҳолатлари ҳам учради. Ҳодиса оқибатида зарар кўрган хонадонларни таъмирлаш ишлари давом этяпти ва уни тўлиқ якунлаш сектор раҳбарлари томонидан назоратга олинган”, дейилади муносабатда. 
 

Эслатиб ўтамиз, 28 сентябрь куни тунда Тошкент шаҳри Сергели туманидаги "Қурувчилар" даҳасида "Inter Logistics" МЧЖга қарашли омборхонада кучли портлаш содир бўлди. Оқибатда ҳудуддаги 26 та кўп қаватли уйнинг 592 та хонадони ҳамда 8 та хизмат кўрсатиш шохобчаси, 1 та мактаб ва 2 та МТТ биноларининг фасад қисми ҳамда дераза-ромларига зарар етди.

Шунингдек, портлашда 163 нафар фуқаро жабрланди ва ҳодиса оқибатида 2006 йилда туғилган бир нафар ўсмир воқеа жойида вафот этди. 

Фавқулодда ҳолат оқибатларини бартараф этишга Миллий гвардия отрядлари жалб этилди ва воқеа жойига Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умурзоқов ва Бош вазир Абдулла Арипов етиб бориб, ҳолатни назоратга олди. Шаҳар ҳокимининг маълум қилишича, етказилган моддий зарар қоплаб берилади

“Биз бу масалани 2-3 кун ичида ҳал қиламиз”, деган у.

 


Мақола муаллифи

Теглар

Серегелидаги портлаш

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг