Қирғизистонлик олигарх Бакуда қўлга олинди
Олам
−
27 Март
16162Қирғизистон Республикаси Давлат божхона хизмати раисининг собиқ ўринбосари Райимбек Матраимов Озарбайжон пойтахти Бакуда қўлга олинди. Бу ҳақда “Economist” хабар берди.
Маълум бўлишича, кеча, 26 март куни собиқ амалдор ва унинг укаси, “Ошгаз” корхонасининг собиқ директор ўринбосари Тилек Матраимовлар Бишкекка олиб келинган. Иккаласи ҳам Миллий хавфсизлик давлат қўмитасига олиб кетилади, бироқ қўмита матбуот хизмати бу маълумотга ҳозирча изоҳ бермади.
Аввалроқ Райимбек Матраимов умумий қиймати 34 миллион 810 минг 500 доллар (3 миллиард 98 миллион 134 минг қирғиз соми) бўлган кўчмас мулкни давлат ҳисобига ўтказгани маълум қилинган. Бироқ ўшанда Матраимов қаерда экани номаълумлигича қолиб, у қидирувга берилган. Кейинроқ Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Матраимовнинг Бакуда экани ва унинг Қирғизистон Республикаси раҳбариятига суиқасд уюштиришга тайёргарлик кўраётган Қирғизистонда қўлга олинган озарбайжонлик трансмиллий уюшган жиноий гуруҳ аъзолари билан алоқаси аниқланганини маълум қилди.
Эслатиб ўтамиз, 23 март куни Қирғизистон махсус хизматлари мамлакат раҳбариятига суиқасд уюштиришни режалаштирган трансмиллий уюшган жиноий гуруҳнинг беш нафар аъзосини қўлга олганди. Қўлга олинганлар Озарбайжон фуқаролари экани аниқланганди.
LiveБарчаси