Қирғизистонда уюшган жиноий гуруҳга алоқадор 200 га яқин амалдор ишдан бўшатилди
Олам
−
11 Декабрь 2023
9289Қирғизистонда октябрь ойида ўлдирилган криминал авторитет Қамчибек Қўлбоев ва божхона хизмати раҳбарининг собиқ ўринбосари Райимбек Матраимов бошчилигидаги уюшган жиноий гуруҳга алоқадор 180 дан ортиқ мансабдор лавозимидан бўшатилди. Бу ҳақда Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ахборот хизмати хабар берди.
Унга кўра, айни пайтгача жами 226 нафар давлат хизматчисининг жиноий оламга алоқадорлиги аниқланган. Шундан божхона тизимида фош этилган 85 нафар ходимдан 76 нафари ишдан четлатилган. Ички ишлар вазирлигидаги 26 нафар шахсдан 14 нафари лавозимидан айрилган. Маҳаллий Кенгашнинг 6 нафар депутати ўз мандатини топширган.
Шунингдек, туман давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ва маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органларидан 65 нафар ходим ҳамда бошқа вазирлик ва идораларда фаолият юритаётган бир қатор ходимлар ишдан олинган.
“Ҳозирда аниқланган бошқа давлат органлари ходимлари устидан тегишли қўшимча ишлар давом эттирилмоқда. Давлат органларини инсофсиз, манфаатпараст, ғаразгўй ходимлардан тозалашга қаратилган тадбирлар бундан кейин ҳам давом эттирилади”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 4 октябрь куни қирғизистонлик криминал авторитет Қамчибек Кўлбоев (“Коля Қирғиз”) Бишкекда қўлга олинаётганда мамлакат Миллий хавфсизлик ходимлари томонидан отиб ўлдирилганди. Шундан сўнг, Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Қамчибек Ташиев Тўқмоқ шаҳрида қўмитанинг янги биноси очилишида қатнашиб, жиноятчиларга қарата “биттаси бош кўтарса, ўша бошни чопиши”ни айтганди. Евроосиё таҳлилий клуби раҳбари, халқаро сиёсатшунос Никита Мендкович эса Қамчибек Ташиев Қирғизистоннинг навбатдаги президенти бўлиши мумкинлигини прогноз қилди.
LiveБарчаси