Қирғизистонда тарихий обидаларни бузиш, кўчириш ва хусусийлаштириш тақиқланди

Олам

−

image

Қирғизистонда тарихий-маданий мерос объектларини, ҳатто улар авария ҳолатида бўлса ҳам, бузиш ёки бошқа жойга кўчиришга йўл қўйилмайди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, Қирғизистон Президенти Садир Жапаров архитектура ва тарихий-маданий мерос объектларини сақлаш бўйича фармонни имзолаган. Унга мувофиқ, биринчи навбатда муҳофаза қилиниши ва давлат тарихий-маданий экспертизасидан ўтказилиши лозим бўлган объектлар рўйхати тасдиқланган.

Рўйхатга киритилган объектларни хусусийлаштириш, сотиш, айирбошлаш, гаровга қўйиш, ишончли бошқарувга бериш ёки кейинчалик сотиб олиш ҳуқуқи билан ижарага бериш тақиқланади. Шунингдек, уларни тарихий-маданий қийматини йўқотган деб топиш, давлат муҳофазасидаги ёдгорликлар рўйхатидан чиқариш, бузиш ёки бошқа жойга кўчириш мумкин эмас.

Фармонда тарихий обиданинг авария ҳолатида экани ёки амалдаги зилзилабардошлик талабларига жавоб бермаслиги уни бузиш учун асос бўла олмаслиги алоҳида белгиланган. Бундай объектларда авария хавфини бартараф этиш, консервация ва зарур мустаҳкамлаш ишлари бажарилиши керак.

Бундан ташқари, рўйхатдаги объектлар ҳудудида ва уларнинг муҳофаза зоналарида янги қурилиш учун ер ажратиш ҳамда рухсатномалар бериш чекланади. Тарихий биноларнинг ташқи кўриниши, меъморий тузилиши ва вазифасини ўзгартирадиган ишларга ҳам тегишли тартибда рухсат берилмайди.

Қирғизистон Вазирлар Маҳкамасига объектларни инвентаризациядан ўтказиш, уларнинг ҳуқуқий мақоми, мулкдори ва техник ҳолатини аниқлаш топширилган. Шунингдек, давлат рўйхатига киритилмаган объектларни тарихий-маданий экспертизадан ўтказиш ҳамда республика аҳамиятига эга мерос объектларини давлат мулкини хусусийлаштириш дастурларидан чиқариш белгиланган.

Фармон ижроси доирасидаги тадбирлар республика бюджети ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар, жумладан, тарихий-маданий объектларни сақлаш ва реставрация қилиш фонди маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг