Қирғизистонда ниқоб кийганлик учун жарима солиш таклиф қилинмоқда
Олам
−
26 Декабрь
2037Қирғизистонда жамоат жойларида ниқоб кийганлик учун 20 минг сом (2 млн 963 минг 104 сўм) миқдорида жарима солиш таклиф қилинмоқда. Бу ҳақда “24.kg” хабар берди.
Маълум қилинишича, бу қарор парламентда муҳокама қилинаётган “Диний эътиқод эркинлиги ва диний бирлашмалар тўғрисида”ги қонун лойиҳасида кўзда тутилган.
Қонун лойиҳасига кўра, қонунбузарликлар тўғрисидаги кодексга давлат идоралари ва жамоат жойларида фуқаронинг юзини яширувчи кийим кийишга тааллуқли модда қўшилади.
Депутат Достон Бекешев жарима миқдори фуқаролар учун мос эмас деб ҳисоблаган. Унинг таъкидлашича, ниқобни аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари аёллари кияди ва улар бу миқдорни тўлашга қодир эмас.
“Юзингизни яширганлик, ниқоб ёки бурқа кийганлик учун жарима 20 минг сом. Ниқобни аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари аёллари кийишади. Ниқоб кийган, даромади ва таълими яхши аёлларни кўп учратмадим”, деган депутат.
Маълумот учун, 2023 йил октябрь ойида Маданият ва ахборот вазири Аида Балаева “Дин тўғрисида”ги янги қонунга мувофиқ жамоат жойларида диний либос кийиш тақиқланишини эълон қилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қирғизистонда 2025 йилнинг март ойидан бошлаб масжидлардаги имомларга маош тўланиши ҳақида хабар берилган эди.
LiveБарчаси