Қирғизистонда бир гуруҳ мустақил журналистларга ҳукм ўқилди
Олам
−
10 Октябрь
5644Қирғизистон пойтахти Бишкек шаҳрининг Ленин туман судида “Temirov live”нинг собиқ ва ҳозирги ходимларига нисбатан ҳукм чиқарилди. Улар оммавий тартибсизликларга даъват қилишда айбланаётган эди. Бу ҳақда “Kaktus media” хабар берди.
Хабарга кўра, Айке Бейшекеева ва Актилек Капаров уч йилга шартли равишда жазога ҳукм қилинган. Азамат Ишембеков эса 5 йилга қамалган. “Temirov Live” асосчиси Болот Темировнинг хотини Махабат Тажибек қизи эса 6 йилга озодликдан маҳрум этилган. Болот Темиров жуфтликнинг фарзанди болалар уйига топширилганини маълум қилган.
Нашрга кўра, суд боланинг васийлик органларига топширилишини белгилаган. Лекин, уларнинг адвокати ҳозирча бола меҳрибонлик уйига юборилмаслигини, чунки у бувиси қарамоғидалиги ва бола учун барча шароитлар яратилганини маълум қилган.
Қолган айбланувчилар оқланган: Тинистан Асипбеков, Сайпидин Султаналиев, Мақсад Тажибек уулу, Жоодар Бузумов, Сапарбек Акунбеков, Ақил Орозалиев ва Жумабек Турдалиев.
Маълумот учун, жорий йилнинг 16 январь куни “Temirov Live” ва “Айт айт десе” лойиҳалари билан боғлиқ 11 журналистнинг уйларида тинтувлар ўтказилган. Ушбу ишда давлат органларини обрўсизлантирувчи маълумотлар тарқатилгани ва бу оммавий тартибсизликларга олиб келиши мумкинлиги айтилган.
Экспертиза натижаларига кўра, Махабат Тажибек қизининг мурожаатида давлат органларини обрўсизлантириш орқали намойишлар ва оммавий тартибсизликларга чақирув мавжудлиги аниқланган.
Суд жиноий ишни Жиноят кодексининг 278-моддасининг 3-қисми бўйича (ҳокимият вакилларининг қонуний талабларига фаол итоатсизлик ва оммавий тартибсизликларга чақирувлар, шунингдек фуқароларга нисбатан зўравонликка даъват) кўриб чиққан.
Болот Темиров бу жараённинг асл сабаби журналистлар томонидан Ички ишлар вазири Улан Ниязбековнинг мулклари ва бизнеси бўйича олиб борилган тергов эканлигини таъкидлаган. Ҳуқуқшунослар экспертиза натижаларига шубҳа билдирган ва 278-модданинг қўлланилиши бошқа журналистлар, ҳуқуқ ҳимоячилари ва сиёсий фаолият билан шуғулланувчиларга босим ўтказиш мақсадида амалга оширилганини тахмин қилмоқда.
Болот Темиров БМТга ҳам мурожаат қилиб, Қирғизистон ҳукуматининг унинг ҳуқуқларини бузаётганини ҳам маълум қилган. Лойиҳа асосчиси Қирғизистондан ташқарида истиқомат қилади.
LiveБарчаси