Португалия – Ўзбекистон ўйини учун Қирғизистонда йўллар ёпилади

Спорт

image
0:00
0:00
download

Қирғизистоннинг Бишкек шаҳрида Ўзбекистон миллий терма жамоасининг Жаҳон чемпионатидаги навбатдаги учрашуви муносабати билан мухлислар учун махсус фан-зона ташкил этилади. Бу ҳақда шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди. 

Бишкек шаҳар ҳокимлиги маълумотига кўра, бугун, 23 июнь куни Турдақун Усубалиев майдонида 2026 йилги Жаҳон чемпионати гуруҳ босқичи 2-туридан ўрин олган Португалия – Ўзбекистон учрашувининг жонли намойиши ташкил қилинади.

Тадбир доирасида пойтахт аҳолиси ва меҳмонлари учун катта экран ўрнатилади. Шу тариқа мухлислар баҳсни биргаликда томоша қилиб, жамоаларни ҳақиқий футбол муҳитида қўллаб-қувватлаш имкониятига эга бўлади.

Ташкилотчиларнинг маълум қилишича, маҳаллий вақт билан соат 21:20 да эстрада юлдузлари иштирокидаги кўнгилочар дастур ҳам бўлиб ўтади.

Тадбир муносабати билан шаҳарнинг қатор кўчаларида транспорт ҳаракати вақтинча чекланади. Бишкек шаҳар ҳокимлиги пойтахт аҳолиси ва меҳмонларидан йўналишларини олдиндан режалаштириш ҳамда эҳтимолий вақтинчалик ноқулайликларга тушуниш билан муносабатда бўлишни сўради.

Эслатиб ўтамиз, Португалия ва Ўзбекистон учрашуви бугун, 23 июнь куни Тошкент вақти билан соат 22:00 да бошланади. Баҳсни марокашлик ҳакам Жалол Жайед бошқариб боради.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг