Қирғизистон ва Тожикистоннинг чегара муаммоси қачон ҳал бўлиши айтилди
Олам
−
11 Январь
4028Тожикистон ва Қирғизистон ўртасидаги давлат чегарасини делимитация ва демаркация қилиш бўйича келишув жорий йилнинг март ойида имзоланиши кутилмоқда. Бу ҳақда кеча, 10 январь куни Туркия Ташқи ишлар вазири Хоқон Фидан Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон билан учрашувдан сўнг маълум қилди.
“Қирғизистон томони Тожикистон билан чегарадаги муаммоларни ҳал қилиш бўйича келишувга эришгани ҳақида хушхабар олдик. Шартнома март ойида имзоланиши кутилмоқда ва мен бугун бу ерда жаноб Президент билан учрашувим чоғида худди шундай хушхабарни тасдиқлаш имконига эга бўлдим”, деган у Имомали Раҳмон билан учрашуви якунлари бўйича ўтказилган матбуот анжуманида.
Унинг қайд этишича, Туркия минтақага эътибор қаратаётган қардош давлат сифатида бу тинчлик келишувига катта аҳамият беради.
“Умид қиламизки, март ойида Тожикистон ва Қирғизистон ўзаро чегарадаги можарога расман чек қўйиб, минтақада хавфсизлик ва барқарорлик йўлида муҳим қадам қўяди”, дейди Туркия вазири.
Қайд этиш жоизки, Туркия ТИВ раҳбари 9 январь куни Бишкекда қирғизистонлик ҳамкасби Жээнбек Кулубаев билан ҳам учрашган ва Президент Садир Жапаров қабулида бўлган.
“Анадолу” агентлиги хабарига кўра, Фидан 9 январь куни Анқара Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасидаги давлат чегарасини делимитация ва демаркация қилиш бўйича келишувни олқишлашини маълум қилган. У Қирғизистон ва Тожикистон ўртасида ҳам шундай келишувга эришилишига умид билдирган. Туркия минтақа давлатлари ўртасида келишмовчиликлар бўлмаслигига катта аҳамият беришини таъкидлаган.
Маълумот учун, Қирғизистон ва Тожикистон чегарасининг узунлиги қарийб 980 километрни ташкил этади, шундан 400 километри баҳсли ҳудуд ҳисобланади.
Эслатиб ўтамиз, ўтган ойда Тожикистон ва Қирғизистон ҳукуматлари делегацияларининг делимитация ва демаркация бўйича топографик ишчи гуруҳлари умумий давлат чегарасининг қарийб 12 километри бўйича келишувга эришганди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь