Фидан Қирғизистон ТИВ раҳбари билан Ғазодаги урушни муҳокама қилди
Олам
−
09 Январь
3589Туркия ва Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлари Хоқон Фидан ва Жээнбек Кулубоев бугун, 9 январь куни Бишкекдаги “Ала-Арча” давлат қароргоҳида бўлиб ўтган музокараларда Украинадаги можарони тартибга солиш ва дон битимини қайта тиклаш имкониятларини муҳокама қилди. Бу ҳақда Туркия ТИВ раҳбари учрашувдан сўнг ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилди.
“Россия ва Украина ўртасидаги можаро, шунингдек, Қора денгиз ҳавзасидаги энг йирик давлатлардан бири сифатида Туркия бундан қандай фойдаланиши ва ғалла битимини қайта бошлаши мумкинлиги ҳақида фикр алмашдик”, дейди Фидан.
Бундан ташқари, вазирлар Исроилнинг Ғазо секторида давом этаётган агрессиясини ҳам муҳокама қилган. Хоқон Фидан мавқедошига Ислом ҳамкорлик ташкилоти ва Араб давлатлари лигаси томонидан тузилган Алоқа гуруҳининг саъй-ҳаракатлари ҳақида маълумот берган.
Дипломатлар Ғазо секторидаги қирғиннинг глобал хавфсизликка таъсир қиладиган "жамоавий хавфлари" ҳақида фикр алмашган. Фиданнинг фикрича, дунё жамоатчилиги, хусусан, Ғарб давлатлари Фаластин анклавида содир бўлаётган воқеаларни ё билвосита ёки тўғридан-тўғри маъқуллайди.
“Вазиятнинг кинояли ва фожиали томони шундаки, ҳамма бир хил фикрда, лекин содир бўлаётган воқеаларни тўхтатиб бўлмайди ва бу сизни ўйлантиради. Афтидан, бошқа қадамлар қўйиш керак”, деган Туркия Ташқи ишлар вазири.
Шунингдек, музокаралар давомида томонлар савдо-иқтисодий ҳамкорлик динамикасини ривожлантириш муҳимлиги, икки томонлама қирғиз-турк сармоя фондини яратиш орқали мамлакатлар ўртасидаги товар айирбошлаш даражасини ошириш учун биргаликдаги саъй-ҳаракатларга тайёр экани, ҳарбий-техникавий ва ҳарбий-мудофаа соҳаларидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш учун салоҳият мавжудлигини қайд этган.
Музокараларда икки давлат фуқароларининг яшаши, ишлаши, ўқиши ва ўзаро саёҳатини соддалаштириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш зарурлигига алоҳида эътибор қаратилган.
Фидан музокараларнинг марказий мавзуларидан бири FETÖ террор ташкилотига қарши кураш эканлигини қайд этди.
“Биз FETÖ террорчи гуруҳига тегишли мактабларни ёпиш билан боғлиқ саъй-ҳаракатларга эътибор қаратмоқдамиз”, дейди у.
Унинг қўшимча қилишича, Туркия ва Қирғизистон дипломатия раҳбарлари соғлиқни сақлаш соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш юзасидан ҳам фикр алмашган.
Туркия ТИВ раҳбарининг айтишича, Анқара Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасидаги давлат чегарасини делимитация ва демаркация қилиш бўйича келишувни олқишлайди. У Қирғизистон ва Тожикистон ўртасида ҳам шундай келишувга эришилишига умид билдирди.
Туркия ташқи ишлар вазири Фиданнинг расмий ташрифи якунлари бўйича икки давлат ташқи ишлар вазирликлари ўртасида икки томонлама стратегик ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича қўшма ишларни янада рағбатлантиришни назарда тутувчи 2024–2026 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури имзоланган. Қўшма стратегик режалаштириш гуруҳининг 6-йиғилиши якунлари бўйича эса Қўшма баёнот қабул қилинди.
Ташриф доирасида вазир Хоқон Фидан ва Қирғизистон Республикаси Президенти Садир Жапаров ва Қирғизистон Республикаси Жогорку Кенеши спикери Нурланбек Шакиев била учрашувлар ўтказилиши режалаштирилган.
LiveБарчаси