Туркия дон келишуви бўйича 3 та сценарийни кўриб чиқяпти
Олам
−
18 Август 2023
3495Туркия ҳукумати дон битими атрофидаги вазият ривожланишининг учта сценарийсини муҳокама қиляпти. Бу ҳақда “Yeni Shafak” газетаси хабар берди.
Айтилишича, Ташқи ишлар вазири Ҳоқон Фидан россиялик мавқедоши Сергей Лавров ва Украина Ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба билан масала натижаларини муҳокама қилишни режалаштирмоқда. Шундан сўнггина Президентлар Ражаб Тойиб Эрдўған ва Владимир Путин ўртасида учрашув бўлиб ўтиши мумкин.
Биринчи сценарийга кўра, ҳозирги вазиятдан чиқиш йўли топилмайди. Бу озиқ-овқат инқирозининг кескинлашувига олиб келади. Мазкур ҳолат Россия, Украина ва АҚШ манфаатларига тўғри келмайди. Бу ҳолда томонлар ўртасидаги мулоқот каналлари бутунлай ёпилади ва ҳарбий таранглик кучаяди.
Иккинчи сценарийда бир томонлама ҳаракатлар ва икки томонлама келишувлар асосида муқобил йўллар яратиш, хусусан, Украина қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини Дунай орқали ёки қуруқлик орқали Европага етказиб бериш кўзда тутилган.
Учинчи сценарийга кўра, Россиянинг айрим хавотирлари бартараф этилгандан кейин дон йўлаги аввалги форматда ишлай бошлайди. Манбага кўра, бу барча томонлар фойда кўрадиган ва глобал озиқ-овқат инқирозининг олдини оладиган ягона вариант ҳисобланади.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 17 июль куни Россия томони Қора денгиздаги гуманитар йўлаклар орқали Украина ғалласини хавфсиз экспорт қилиш бўйича келишувни узайтирмаган ва буни Истанбул келишувининг иккинчи қисми бажарилмагани билан изоҳлаганди. Украина Президенти Владимир Зеленский эса Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған ва БМТ Бош котиби Антониу Гутерришга дон йўлаги келишувини ёки унга ўхшаш лойиҳани уч томонлама шаклда давом эттириш таклифи билан расмий мактуб юборди. 2 август куни Россия ва Туркия Президентлари телефон орқали мулоқот ўтказган ва эҳтимолий учрашувга тайёргарлик кўришга келишиб олганди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь