Эрдўған Путин билан гаплашди
Олам
−
02 Август 2023
8547Бугун, 2 август куни Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған россиялик мавқедоши Владимир Путин билан телефонда суҳбатлашди. Бу ҳақда Туркия раҳбари идораси хабар берди.
Айтилишича, суҳбат чоғида етакчилар Россия Президенти Владимир Путиннинг Туркияга ташрифи бўйича келишувга эришган. Бироқ хабарда ташриф санасига аниқлик киритилмаган.
Шунингдек, Эрдўған Путинга Анқара ғалла битимини қайта бошлаш учун жадал ҳаракатларни давом эттиришини айтган.
РИА Новости нашрининг ёзишича, Путин аввалроқ Эрдўған билан Россия ёки Туркия ҳудудида шахсий учрашув вариантини муҳокама қилган. Россия Президентининг сўзларига кўра, Туркиядаги президентлик сайловлари олдидан ҳам Эрдўған россиялик мавқедошини ўз мамлакатига таклиф қилган, аммо ташриф мавзуси бўйича “ҳеч ким тахмин қилмаслиги” учун буни қилмасликка қарор қилинган.
Айтиш жоизки, бундай сафар сайлов кампанияси арафасида “ички сиёсий жараёнга қандайдир таъсир кўрсатишга уриниш” сифатида қабул қилиниши мумкин эди.
Россия етакчисининг халқаро масалалар бўйича ёрдамчиси Юрий Ушаков бугун, 2 август куни Москва ва Анқара Путиннинг Туркияга ташрифини режалаштираётганини айтган, бироқ томонлар ҳозирча аниқ санани келишиб олмаган. Ушаковнинг қайд этишича, Туркияга ташриф буюриш ваъдаси Эрдўғаннинг сўнгги сайловлардаги ғалабасидан сўнг дарҳол берилган.
Эслатиб ўтамиз, Россия томони бугун, 18 июлдан бошлаб дон йўлаги келишуви тўхтатилишини маълум қилганди. Бу Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш, АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен ва Европа комиссияси раҳбари Урсула фон дер Ляйен Москванинг бу қарорини қоралади. Украина Президенти Владимир Зеленский эса Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған ва БМТ Бош котиби Антониу Гутерришга дон йўлаги келишувини ёки унга ўхшаш лойиҳани уч томонлама шаклда давом эттириш таклифи билан расмий мактуб юборди.