Гутерриш Путиндан хафа
Олам
−
18 Июль 2023
11382Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш унинг “Дон йўлаги келишуви” бўйича таклифлари рад этилганидан ҳафсаласи пир бўлди, бироқ Россия ва Украинадан маҳсулотларни жаҳон бозорларига олиб чиқиш бўйича саъй-ҳаракатларни давом эттиришга ваъда берди. Унинг нутқи БМТнинг ижтимоий тармоқдаги расмий саҳифасида трансляция қилинди.
“Таклифларим қабул қилинмаганидан жуда хафаман. Аммо бу Россия ва Украинада озиқ-овқат маҳсулотлари ва ўғитларнинг жаҳон бозорларига чиқишини осонлаштириш бўйича ҳаракатларимизни тўхтата олмайди”, дейди Гутерриш.
Унинг сўзларига кўра, у Россия маҳсулотлари ва ўғитлари учун “баъзи тўсиқлар” сақланиб қолаётганидан хабардор, бироқ айни пайтда БМТ уларнинг кўпчилигини аллақачон бартараф этган.
“Шу доирада мен Туркия ҳукуматининг саъй-ҳаракатларига алоҳида эътибор қаратмоқчиман”, дея қўшимча қилган БМТ Бош котиби.
Унинг таъкидлашича, асосий мақсад жаҳон озиқ-овқат хавфсизлиги ва озиқ-овқат нархлари барқарорлигини таъминлашдир.
Маълумот учун, Дон келишуви 2022 йил 22 июлда Истанбулда тузилган. У ерда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Россия, Туркия ва Украина иштирокида иккита ҳужжат имзоланган – Украинанинг учта портидан (Черноморск, Одесса ва Южний) ғалла экспорти учун йўлак яратиш ҳамда Россия озиқ-овқат ва ўғитларни экспорт қилиш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш тўғрисида. Ташаббус 2022 йил ноябрида 120 кунга, мартгача, кейин яна икки марта – икки ойга узайтирилган. Якуний муддат – кеча, 17 июль куни тугайди.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш Россия Президенти Владимир Путинга дон келишувини узайтириш бўйича “аниқ таклифлар” билан мактуб йўллаганини айтганди. Кеча, 17 июль куни Москва Анқара, Киев ва БМТга дон келишувини узайтириш бўйича ўз эътирозларини юборди. Россия Ташқи ишлар вазирлиги келишув бугун, 18 июлдан бошлаб тўхтатилишини маълум қилди, бироқ Россия томони келишувнинг Россия қисми якунланиши биланоқ уни қайта тиклашга тайёр экани айтилди.