Қирғизистон ва Тожикистон чегара масаласида тугал тўхтамга келди
Олам
−
02 Декабрь 2023
6171Кеча,1 декабрь куни Қирғизистон ва Тожикистон ҳукумат делегациялари ҳамраислари ўртасида қирғиз-тожик давлат чегарасини делимитация ва демаркация қилиш бўйича музокаралар бўлиб ўтди. Бу ҳақда Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси матбуот хизмати хабар берди.
Музокаралар якунида ҳукумат делегациялари раҳбарлари баёнот берди. Хусусан, Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев чегара бўйича бир қанча фундаментал қарорлар қабул қилинганини айтди.
“Бу қарорлар масаланинг моҳиятига тўғри келади. Ўйлайманки, биз “бутун ечим”га эришишга жуда яқинмиз”, дейди у тожикистонлик ҳамкасби билан суҳбатдан сўнг.
Ўз навбатида, Тожикистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Саймўмин Ятимов музокаралар муваффақиятли ўтганини ва иккита асосий масала бўйича фундаментал қарорга келганини маълум қилди.
“Бу, биринчи навбатда, Ворух – Хўжаи Аъло йўлига тегишли. Биз бу масалани амалда ҳал этилган деб ҳисоблаймиз. Иккинчи савол, Татаристон Республикаси томонидан Қирғизистон Республикаси ҳудудида фойдаланиладиган объектлар ҳақида. Бу борада фундаментал қарорга келдик”, дейди у.
Келишувларга кўра, Қирғизистон Тожикистон ҳудудидаги ўзи ишлатган объектлардан фойдаланиш имкониятига эга бўлади. Аммо ернинг эгаси Тожикистон бўлиб қолади. Тожикистон ҳам Қирғизистон Республикасидаги ўз объектларидан худди шу тамойил асосида фойдаланади.
“Булар фаолиятимизнинг ўта муҳим стратегик йўналишлари бўлиб, уларда аниқ натижаларга эришдик. Бинобарин, бу масалани оммавий ахборот воситалари орқали тўғрилаб, жамоатчиликка эълон қилишнинг ўзи катта воқеадир. Биз асосий масалани ҳал қилишга яқинроқмиз, музокараларимиз бир вақтнинг ўзида бу борада бошқа келишмовчиликлар юзага келмаслиги учун давлат чегарасини демаркация қилишга туртки бўлади”, дейди Саймўмин Ятимов.
LiveБарчаси