Қирғизистон Ўзбекистоннинг 80 мингдан ортиқ кўчатини қайтариб юборди
Олам
−
14:47 8160 1 дақиқа
Қирғизистоннинг Боткен вилоятидаги “Қизил-Қия” фитосанитария назорати пости инспекторлари йирик партиядаги кўчатни олиб киришга бўлган уринишни тўхтатиб қолди. Ўсимликларни кимёлаштириш, ҳимоя қилиш ва карантин департаменти ходимлари Ўзбекистондан 80 минг 520 дона кўчат олиб келаётган юк машиналарининг киришини тақиқлади. Бу ҳақда Қирғизистон Сув ресурслари, қишлоқ хўжалиги ва қайта ишлаш саноати вазирлиги хабар берди.
Идора мутахассислари юкни ортга қайтариш қарорини Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 13 февралдаги қарорига асосан қабул қилган. Ушбу ҳужжат билан мамлакатга мева-резавор экинларининг муайян навларини олиб киришга вақтинчалик тақиқ жорий этилган.
Текширув давомида ўсимлик навлари импортга рухсат берилганлар рўйхатида йўқлиги маълум бўлган. Шу муносабат билан 80 минг 520 дона кўчат Ўзбекистонга қайтариб юборилган.
“Департаментнинг Боткен бошқармаси маҳаллий агросекторни ҳимоя қилиш сиёсати доирасида кучайтирилган назоратни давом эттирмоқда. Чекловлар навларни олиб киришни тартибга солиш ва фитосанитария хавфсизлигини таъминлашга қаратилган”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қирғизистон чегарасидан сомон устига ортилган 21 тонна Ўзбекистон қовуни қайтариб юборилганди.
Live
Барчаси