Қирғизистон Ўзбекистон билан махфий маълумотлар алмашиш бўйича битимни тасдиқлади
Олам
−
27 Февраль 3279 2 дақиқа
Бугун, 27 февраль куни Қирғизистон Жогорку Кенеши томонидан “Ўзбекистон билан махфий ахборотни алмашиш ва ўзаро ҳимоя қилиш тўғрисидаги битимни ратификация қилиш” ҳақидаги қонун лойиҳаси учинчи ўқишда маъқуллади. Бу ҳақда АКИ press хабар берди.
Маълум қилинишича, ушбу лойиҳа Қирғизистон ва Ўзбекистон ҳукуматлари ўртасида ўтган йили 18 июлда Тошкент шаҳрида имзоланган. Келишувда дўстона муносабатларни мустаҳкамлаш ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш, Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасидаги ташқи сиёсат, ҳарбий-иқтисодий, илмий-техникавий ва бошқа ҳамкорлик жараёнида фойдаланиладиган давлат сирлари, шунингдек, бундай ҳамкорлик жараёнида юзага келадиган давлат сирлари сақланишини таъминлаш мақсадида махфий маълумотларнинг ҳимоя қилинишини ўзаро таъминлаш назарда тутилган.
“Шартнома томонлар маълумотларининг махфийлик даражасини ва бундай маълумотларни узатиш, алмашиш ва ҳимоя қилиш бўйича ўзаро ҳамкорлик учун масъул бўлган томонларнинг ваколатли органларини белгилайди”, дейилади хабарда.
Шунингдек, ҳужжатда махфий маълумотларни ҳимоя қилиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликларни бартараф этиш чоралари кўрилиши, бунда томонларнинг ваколатли органлари махфий маълумотлар рухсатсиз тарқатилган тақдирда бир-бирларига ўзаро ёрдам кўрсатиши ҳам қўшимча қилинган.
“Агар ҳуқуқбузарлик аниқланса, зарарни қоплаш миқдори ва тартиби томонларнинг қонун ҳужжатларида, шунингдек, музокаралар ва маслаҳатлашувлар йўли билан белгиланади”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг ноябрь ойида Ўзбекистон Республикаси ҳукумати билан Хитой Халқ Республикаси ҳукумати ўртасида махфий ахборотни ўзаро ҳимоя қилиш тўғрисидаги битим ратификация қилинганди. 19 та моддадан иборат мазкур битим 2023 йил 18 май куни Хитойнинг Сиань шаҳрида имзоланган. Ўзбекистон томонидан Давлат хавфсизлик хизмати ваколатли орган этиб белгиланган.
Live
БарчасиРоналдудан яхшироғини топа олмайсиз – Трамп
06 Декабрь
Наманганда яна зилзила бўлди
06 Декабрь