Қирғизистон собиқ Президентларининг қасрлари болалар реабилитация марказига айлантирилади

Олам

image

Қирғизистоннинг собиқ Президентлари Қурманбек Бакиев ва Алмазбек Атамбоевнинг қасрларида кеча-ю кундуз ишлайдиган болалар реабилитация марказлари очилади. Бу ҳақда “24.кг” мамлакатнинг Меҳнат, ижтимоий ҳимоя ва миграция вазирлиги Матбуот хизматига таяниб, хабар берди.

Қайд этилишича, Қирғизистонда 200 мингга яқин ногиронлар истиқомат қилади, улардан 35 минг нафари 18 ёшгача бўлган болалардир.

“Мамлакатимизда барча ногиронларни реабилитация хизматлари билан тўлиқ таъминлашда қийинчиликлар мавжуд. Шу боис, собиқ Президентлар Қурманбек Бакиевнинг Жибек Жолу проспектидаги уйи ва Алмазбек Атамбоевнинг давлат мулкига ўтказилган Қўй-Тош қишлоғидаги уйида тун-у кун ишлайдиган болалар реабилитация марказлари очилади”, дейилади хабарда. 

Маълумот ўрнида, 2010 йилнинг 7 апрелида Қирғизистонда инқилоб бўлиб ўтди, натижада мамлакатнинг иккинчи Президенти Қурманбек Бакиев тахтдан ағдарилиб, мамлакатни тарк этишга мажбур бўлди. Президентни қўллаб-қувватлаётган ҳарбий хизматчилар ва мухолифат тарафдорлари ўртасидаги тўқнашувда 80 дан ортиқ одам ҳалок бўлди, бир неча юз киши жароҳатланди.  

Жиноятлари учун ватанида сиртдан умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган Бакиев қочиб кетганидан сўнг Қирғизистонда ҳокимият Роза Отунбаева бошчилигидаги муваққат ҳукумат қўлига ўтди. Ҳозирда Қирғизистоннинг иккинчи Президенти Минскда истиқомат қилади.  

Қирғизистонни 2011 йилдан 2017 йилгача бошқарган Атамбоев эса биринчи марта 2019 йилнинг августида ҳибсга олинган. Кейинчалик унга бир нечта айбловлар қўйилди, жумладан ерларни тақсимлашда коррупция, оммавий тартибсизликлар уюштириш, қотилликка уриниш ва ҳоказо. У бир неча ой олдин соғлиғи ёмонлашгани сабабли, Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг тергов изоляторидан тиббий шифохонага эга бўлган 47-сонли ахлоқ тузатиш колониясига кўчирилган. 

Колониядаги тиббий ахлоқ тузатиш муассасаси бош шифокори собиқ Президент тўлиқ кўрикдан ўтиши ва даволаниши зарурлигини таъкидлаган.


Мақола муаллифи

Теглар

Қирғизистон Қурманбек Бакиев ва Алмазбек Атамбоев

Баҳолаганлар

229

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг