Қирғизистон Риштон-Сўх йўлини ЕОИИ сабаб ёпиб қўйган – Арипов
Жамият
−
02 Июнь 2020
20431Хабарингиз бор, жорий йилнинг 31 май куни Ўзбекистон Республикаси ва Қирғизистон Республикалари чегарасида жойлашган Чашма қишлоғининг Чашма булоғи олдида икки давлат фуқаролари ўртасида катта можаро юз берди. Вазият юзасидан қўшни давлат расмийлари билан учрашиш учун шахсан Бош вазир Абдулла Арипов Қирғизистонга борди.
Ҳукумат раҳбари бирйўла Сўх тумани аҳолиси билан ҳам учрашди. Уларнинг шикоятларини эшитиб, Риштон-Сўх йўлини очиш масаласи устида иш олиб борилаётганини маълум қилди.
“Кеча рўй берган ҳолат юртимизга ярашмайди. Президентимиз қўшни мамлакатлар билан ҳамкорлик йўлини танламоқда.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёев топшириғи билан келдик. Муаммолар талайгина. Ўтган йили ҳам Риштон-Сўх йўлини очиш масаласини қўйгандик. Икки кун ишлади, кейин ёпилди.
Бугун учрашувда Қирғизистон делегацияси раҳбари (Қирғизистон Бош вазирининг биринчи ўринбосари Кубатбек Боронов - таҳр.) бунинг учун узр сўради. Улар Евроосиё иттифоқига аъзо бўлгани учун, уларнинг талаби билан ёпишга мажбур бўлган. Хабаринглар бор, Ўзбекистон ҳам иттифоққа кузатувчи сифатида аъзо бўляпти. Кузатувчи ҳам ҳамма ҳуқуқларга эга бўлади.
Бугун биз Қирғизистон томонига биринчи бўлиб Риштон-Сўх йўлини қисқа муддатда очиш масаласини қўйдик. Бу дегани Фарғонага олиб борувчи йўл 80 километрга қисқаради. Энди у давлат раҳбарига бориб айтади.
Мен ҳам Президентга бу ердаги гаплар бўйича ҳисобот бераман. Барча таклифларни мужассам қилиб Президентимизга киритамиз. Муҳтарам Президентимиз шу ҳафта Фарғонага келадилар. Сизларнинг олдиларингизга менинг ўринбосарларим келади... бу ерда кўп муаммолар бор экан... биринчи навбатда йўллар масаласи ёмон экан.
Бу масалани шундай ҳал қиламиз: миграцияга кета олмаган ёш йигитларимиз кўп. Шулардан бригадалар тузилади, ойлик тўланади, қурилиш материаллари берилади, ўзларинг қурасизлар, талаб битта, сифатли бўлсин.
Иккинчи масала, Қирғизистон ҳудудидаги яйловлардан фойдаланиш масаласи. Бу масалани ҳам қўйдик. Қирғизистон томони бу масалани ҳам қисқа муддатда ҳал қилишга ваъда берди. Бу бўйича яна гаплашамиз.
Кейинги масала Чашма булоқ масаласи. У чашма бу мўъжиза, инсонларга Яратган эгам томонидан берилган неъмат. Шунинг учун, бу муқаддас чашмадан ҳам бизнинг фуқаролар, ҳам қўшни республика фуқаролари фойдаланишга ҳаққи бор. Бу жойни чиройли ҳудудга айлантирамиз. Ундан ҳамма бирдек фойдаланади. Сувда кимдир чўмилмаслиги учун панжара билан чиройли қилиб ўраб қўямиз. Уни тозалаш керак бўлганда, Ўзбекистондан уч, Қирғизистондан уч вакил кириб биргаликда қарайди.
Шу ҳафтада ўринбосарларим келиб Сўхдаги ижтимоий масалалар, иш жойи муаммоларини ўрганиб, ҳал қилишади. Мен шифохонага бордим, кўп ускуналар йўқ экан. Соғлиқни сақлаш вазирига топшириқ бердим, замонавий ускуналар олиб келинади”, дейди Абдулла Арипов.
Шундан сўнг, сўхликлар маҳаллий ҳокимлардан шикоят қилди. Хусусан, улардан бири ҳокимлар яйловларни ундан олиб бунисига сотишидан шикоят қилган.
Арипов водийга сафари давомида Сўх тумани марказий шифохонасига бориб, беморлар ва жароҳат олганлар ҳолидан хабар олди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ЕОИИга кузатувчи давлат сифатида қўшиляпти. Ҳозирда тегишли қонун лойиҳаси парламентнинг ҳар икки палатаси томонидан маъқулланган.