Қирғизистон дронлари Тожикистон ҳаво ҳудудига киргани айтилмоқда? Улар “Bayraktar”ми?

Олам

image

Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги Қирғизистоннинг учувчисиз учиш аппаратлари томонидан республика ҳаво ҳудудини бузишидан хавотир билдирди. Бу ҳақда бугун, 22 сентябрь куни Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги эълон қилган баёнотда айтилган. 

Шундай қилиб, 21 сентябрь куни соат 19:14 дан 22: 6 гача Қирғизистон учувчисиз ҳаво воситалари Тожикистон Республикасининг Исфара, Конибодом, Деваштич, Жаббор Расулов, Бобожон Ғаффуров, Лахш, Рашт ва Мурғоб туманлари шаҳарлари узра парвози кузатилган. Шуниндек, Тожикистоннинг “Росровут”, “Муряк” ва “Нуробод” чегара постларида ҳам Қирғизистон ПУАлари кузатилган.

Ташқи ишлар вазирлиги бу фактларни эришилган келишувларнинг бузилиши сифатида баҳолаган. 

“Тожикистон томони Қирғизистон томонидан Тожикистон Республикаси ҳаво ҳудудини бузишни зудлик билан тўхтатишни талаб қилади. Акс ҳолда, Тожикистон томони бу вазиятни Қирғизистоннинг навбатдаги тажовузига тайёргарлик сифатида баҳолайди, бунинг учун жавобгарлик Қирғизистон томонида бўлади”, дейилади ТИВ баёнотида.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 17 сентябрь куни Қирғизистон Тожикистон аҳоли пунктларига ҳужумкор дронлар билан зарба берганини маълум қилди.

Қайд этиш керакки, Тожикистонга зарба бериш учун фойдаланилаётган дронлар Туркияда ишлаб чиқарилган “Bayraktar” учувчисиз учоқлари бўлиши мумкин. Негаки жорий йилнинг 13 сентябрь куни Қирғизистонда Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Чегара хизматининг биринчи учувчисиз учиш аппаратлари базасининг очилиш маросими бўлиб ўтганди. Базадан айнан “Bayraktar” учувчисиз учоқлари бошқарилиши айтилганди.

Қирғизистон ва Тожикистон чегарасида можаро

Қирғизистон ва Тожикистон ўртасидаги чегарадаги вазият 14 сентябрь куни Боткен вилоятидаги учта участкада чегарачилар ўртасида отишма бошланганидан кейин кескинлашди. Томонлар бир неча бор ўт очишни тўхтатиш бўйича келишиб олганига қарамай, келишувлар ҳар сафар муваффақиятсизликка учради.

Қирғизистон расмийлари Тожикистонни чегарага оғир ҳарбий техникани тортиб келишда ва Қирғизистон ҳудудини ўққа тутишда “барча мавжуд арсеналдан” фойдаланганликда айблади. Мамлакат Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тўқнашув зонасидан 136 минг киши эвакуация қилингани, Боткен вилоятида фавқулодда ҳолат режими жорий этилганини ҳақида маълум қилди. 

Айни пайтда Тожикистон қирғиз кучларини Тожикистон чегарасидаги қатор аҳоли пунктларини “оғир қуроллардан” ўққа тутишда айблади. Ҳозирда икки давлат ўт очишни тўхтатиш ва қўшинларни чегара ҳудудидан олиб чиқиш бўйича келишувларга амал қилмоқда.

Икки давлат чегарасида 70 га яқин баҳсли участкада белги қўйилмагани сабабли мунтазам равишда можаролар чиқиб туради. Умуман олганда, 2022 йил июль ойи ҳолатига кўра, мамлакат чегараларининг 972 километридан 600 километрга яқини келишилган.

Тожикистон томони маълумотларига кўра, тўқнашув вақтида республиканинг 40 дан ортиқ аҳолиси ҳалок бўлган. Бишкекда Қирғизистоннинг 59 фуқароси ҳалок бўлгани хабар қилинган.


Мақола муаллифи

Теглар

Тожикистон-Қирғизистон Bayraktar

Баҳолаганлар

52

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг