Қирғизистон АЭС қуриш учун жой қидиряпти
Олам
−
08 Октябрь
3324Қирғизистон ҳукумати “Росатом” билан ҳамкорликда атом энергетикасини ривожлантириш имкониятларини ўрганиб, АЭС қурилиши учун мақбул жой излашда давом этмоқда. Бу ҳақда мамлакат Энергетика вазири Таалайбек Ибраев маълум қилди.
Ибраевнинг 4 октябрь куни “Элдик” депутатлар гуруҳи йиғилишида депутат Кубаничбек Самаковнинг саволларига жавобан айтишича, энг ишончли энергия ташувчиси атом электр станцияси ҳисобланади, у 360 кун 24 соат ишлайди.
Вазир 300 МВт қувватга эга атом электр станцияси бу ҳажмни тўлиқ ишлаб чиқаришини, ГЭС унчалик кўп таъминламаслигини айтди.
“Бугун биз атом электр станциясини қуриш учун мос жой қидирмоқдамиз: реакторларни совитиш учун сув манбаи ва тармоққа уланишга яқинлик керак. Атом электр станцияси дарҳол қурилмайди, қурилиши тахминан 5-6 йил давом этади”, дея тушунтирди у.
Вазирнинг сўзларига кўра, бутун дунё етакчилари атом электр станцияларига ўтмоқда, бу борада ҳозир Хитой етакчи, ундан олдин Америка эди.
“Қўшни давлатлар бу йўналишда фаол ишламоқда, 6 октябрь куни Қозоғистонда АЭСни қуриш бўйича референдум бўлиб ўтди. Ўтган йили мен “Росатом” бош директори Лихачев билан учрашганимда, унинг биринчи вазифаси жамоатчиликни тайёрлаш эди”, деган у.
Ибраев, шунингдек, иш фақат аҳоли қўллаб-қувватлаши орқалигина бошланишини айтган. Ноябрь ойида ОАВ вакиллари учун Туркиядаги Аккую АЭС танишув сафарини ташкил этиш режалаштирилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистонда атом электр станцияси қурилиши бўйича ўтказилган референдумнинг дастлабки натижалари эълон қилинганди. Унга кўра, овоз берганларнинг 71,12 фоизи АЭС қурилиши тарафдори бўлган. Марказий сайлов комиссияси маълумотларига кўра, 5 561 937 киши (71,12 %) АЭС қурилиши учун “ҳа” деб овоз берган. Қарши бўлганлар сони эса 2 045 271 кишини ташкил этган (28,88 %). Овоз бериш ҳуқуқига эга бўлган қозоғистонликларнинг 63,66 фоизи референдумда иштирок этган. 130 минг бюллетень ҳақиқий эмас деб топилган бўлса, 82 минг бюллетенларда иккала жавоб варианти белгиланган. Шунингдек, Ўзбекистонда шу йил ёзида кам қувватли атом электр станцияси қурилиши бошланади. “Атомстроекспорт” АЖ (“Росатом” давлат корпорациясининг муҳандислик бўлими) ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Атом энергияси агентлиги ҳузуридаги “АЭС қурилиши дирекцияси” давлат унитар корхонаси ўртасида Ўзбекистонда кам қувватли атом станциясини қуриш бўйича шартнома имзоланди.
Лойиҳа Ўзбекистоннинг Жиззах вилоятида Россия лойиҳаси бўйича қуввати 330 МВт (ҳар бири 55 МВт қувватга эга олтита реактор) бўлган атом электр станциясини қуришни назарда тутади. Станция қурилишида “Росатом” бош пудратчи сифатида ишлайди, қурилишда маҳаллий компаниялар ҳам иштирок этади.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь