Қирғиз-тожик чегарасидаги тўқнашувда 8 киши яраланди, икки киши ўлди
Олам
−
14 Сентябрь 2022
5438Қирғизистон ва Тожикистон ҳарбийлари чегарасида содир бўлган отишмада Қирғизистоннинг икки фуқароси яраланди. Бу ҳақда бугун, 14 сентябрь куни Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси чегара хизмати маълум қилди.
“Боткен” чегара отрядининг “Самарқандек” чегара заставаси ҳудудида содир бўлган қуролли ҳодиса оқибатида Қирғизистон Республикасининг икки фуқароси жароҳатланган”, дейилади хабарда.
Жабрланганлар Ляйлак тумани шифохонасига етказилган.
Тўқнашувда икки тожик чегарачиси ҳам ҳалок бўлди, олти нафари яраланди. Бу ҳақда Тожикистоннинг “Asia-Plus” нашри хабар берди.
Қайд этилишича, маҳаллий тинч аҳоли орасидан яна беш киши ҳам яраланиб, шифохонага ётқизилган.
Ҳалок бўлган икки чегарачидан бири яраланган, кейин эса қон йўқотишдан шифохонада вафот этган. Иккинчи чегарачи снайпер томонидан ҳалок бўлган.
Қирғизистон томони маълумотларига кўра, 14 сентябрь куни тожик чегарачилари Қирғизистоннинг Боткен вилояти Боткен туманининг Булоқ-Баши ҳудуди яқинидаги чегаранинг белгиланмаган қисмига кириб, жанговар позицияларни эгаллаган.
Қирғизистон ҳарбийларининг ҳудудни тарк этиш талабига жавобан Тожикистон чегарачилари ўт очган, шундан сўнг отишма бошланган. Бир неча соатдан кейин Боткен вилоятининг Как-Сай ва Паски-Ариқ туманларида ҳам отишма содир бўлди.
Тожикистон ва Қирғизистон ўртасидаги чегаранинг узунлиги 980 км дан ошади, Совет Иттифоқи парчаланганидан кейин унинг ўнлаб баҳсли участкалари сақланиб қолган. Ҳозиргача икки давлат ўртасидаги 660 км дан ортиқ масофа аниқланиб, делимитация ва демаркация жараёнида келишиб олинган. Айрим ҳудудларда вақти-вақти билан чегарадош ҳудудларнинг маҳаллий аҳолиси ўртасида келишмовчилик ва низолар келиб чиқади.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь