Қирғиз-тожик чегараси бўлинишининг 90 фоизи якунланди
Олам
−
05 Февраль
3737Ўтган тўрт ой давомида Қирғизистон ва Тожикистон давлат чегараси чизиғининг қарийб 196 километрини лойиҳалаш ва бўлиниши бўйича келишиб олди ва бугунги кунга келиб унинг ўтиш қисмининг деярли 90 фоизини ажратиш ишлари якунланди. Бу ҳақда Тожикистон Президенти сайтида хабар берилди.
Бугун, 5 февраль куни Президент Имомали Раҳмон Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги раҳбари Жээнбек Қулубоев билан учрашди.
“Эътибор икки давлат раҳбарлари ўртасида Тожикистон-Қирғизистон давлат чегараси чизиғини белгилаш бўйича икки томонлама музокараларни рағбатлантиришга доир эришилган келишувларни амалга ошириш ва бу борада қўлга киритилган сўнгги натижаларга қаратилди”, дейилади хабарда.
Имомали Раҳмон чегара билан боғлиқ муаммоларни ҳар томонлама ҳал этиш бўйича бу борадаги ишларни давом эттириш муҳимлигини таъкидлаган.
Суҳбат чоғида қирғиз-тожик муносабатларининг бир қатор масалалари ва уларни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинган.
“Раҳмон икки давлат ўртасидаги кўп асрлик дўстлик ришталари ва яхши қўшничилик тамойилларига асосланган муносабатларда сиёсий мулоқотни янада фаол ривожлантириш ва ишонч муҳитини мустаҳкамлаш муҳимлигини таъкидлади”, дейилади Тожикистон давлат раҳбарининг матбуот хизмати хабарда.
Шунингдек, трансчегаравий дарёларнинг сув ресурсларидан биргаликда фойдаланиш, икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий, парламент ва бошқа алоқаларни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилиб, минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик айрим мавзулар ҳам муҳокама қилинган.
Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг 16 январь куни Қирғизистон ва Тожикистон 38,3 км чегара бўйича келишиб олганди.