Шавкат Мирзиёев Имомали Раҳмонни таваллуд куни билан табриклади
Local
−
12:06 577 1 minute
Бугун, 5 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмон билан телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон етакчисининг матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, давлат раҳбари Тожикистон етакчисини таваллуд куни билан самимий табриклаб, унга мустаҳкам соғлиқ, бахт-саодат ва биродар Тожикистон халқининг равнақи йўлидаги масъулиятли давлатчилик фаолиятида катта муваффақиятлар тилаган.
Ўзбекистон – Тожикистон дўстлик, яхши қўшничилик, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада ривожлантиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилган.
Ҳамкорлик барча йўналишларда жадаллашиб бораётгани мамнуният билан қайд этилган. Товар айирбошлаш ҳажми барқарор ўсиб бормоқда, транспорт, энергетика, геология, қишлоқ ва сув хўжалиги ҳамда бошқа соҳаларда ўзаро манфаатли шериклик давом этмоқда.
Ҳудудлар ўртасида ва маданий-гуманитар жабҳада фаол алмашинувлар амалга оширилмоқда.
Етакчилар минтақавий кун тартибидаги масалалар юзасидан ҳам фикр алмашган, бўлажак икки ва кўп томонлама тадбирлар режасини муҳокама қилган.
Live
All