Қидирувдаги машина “Қамчиқ”да ЙТҲга учради
3-саҳифа
−
10 Январь
8246Фарғона вилоятида кредит олинганда гаровга қўйилган Cobalt машинаси “Қамчиқ” довонида йўл-транспорт ҳодисасига учрагани аниқланди. Бу ҳақда Мажбурий ижро бюроси хабар берди.
Қайд этилишича, фуқаро А.Ж. банкдан кредит олган ва уни ўз муддатида қайтармаган. Шу сабабли, Фуқаролик ишлари бўйича Фарғона туманлараро судининг ижро варақасига қарздорнинг бошқарувида бўлган Cobalt автомашинасини хатлаш белгиланган. Ушбу ижро ҳужжати бюронинг Марғилон шаҳар бўлими иш юритувига ўтган йилнинг 14 ноябрида келиб тушган ва ижро иши қўзғатилган. Ижро ҳаракатлари давомида мазкур автотранспорт воситасига тақиқ ўрнатилган.
Бўлим давлат ижрочиси томонидан ижро ҳужжатида кўрсатилган манзилга бир неча маротаба бориб кўздан кечирилганда, автомашина йўқлиги аниқлангач, қидирув эълон қилинган. Олиб борилган қидирув тадбирлари натижасига кўра, ушбу автомашина Данғара туманининг “Истиқлол” МФЙ ҳудудида жойлашган жарима майдончасидан носоз ҳолатда топилган. Аниқланишича, машина ЙТҲга учраган.
Машина давлат ижрочиси томонидан хатланган ва ҳозирда аукцион савдоларига чиқариш чоралари кўрилмоқда.