Қайси соҳаларга ишга киришда коррупциявий ҳолатлар кўп учраётгани очиқланди
3-саҳифа
−
26 Март
182132022-2023 йиллар давомида 876 нафар шахс давлат органлари ва ташкилотларига ишга қабул қилиш билан боғлиқ ҳолда содир этилган коррупциявий жиноятлар учун жавобгарликка тортилган. Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ахборот хизмати раҳбари Шерзод Сапаров маълум қилди.
Мазкур жиноятларни содир этганларнинг 282 нафари соғлиқни сақлаш, 72 нафари халқ таълими, 65 нафари мактабгача таълим, қолганини бошқа соҳа вакиллари ташкил этади.
Соғлиқни сақлаш тизимига фуқароларни кичик тиббиёт ходими, ҳамширалик, фельдшерлик ва фаррош, мактабгача таълим тизимига тарбиячи ва техник ходим, мактаб таълими тизимига ўқитувчи ва техник ходим сифатида ишга қабул қилишда коррупция ҳолатлари, миллий гвардия, ички ишлар, фавқулодда вазиятлар ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга фуқароларни пора беришга далолат қилган ҳолда фирибгарлик йўли билан ишга киритиб қўйиш ҳолатлари нисбатан кўпроқ кузатилган.
Қайд этилишича, ушбу ҳолатнинг юзага келишига иш қидираётган фуқароларга давлат корхона, муассаса ва ташкилотларидаги бўш иш ўринлари ҳақида шаффоф маълумотлар бериш тизими лозим даражада шаклланмаганлиги ўз таъсирини кўрсатмоқда.
“Давлат корхона, муассаса ва ташкилотларининг мансабдор шахслари мавжуд бўш иш ўринлари ҳақидаги маълумотларни яшириш орқали турли коррупциявий ҳуқуқбузарликларни содир этиш учун учун ўзларига шарт-шароит яратмоқда, иш берувчи томонидан мавжуд вакант ўринларга ишга жойлашишни сўраб мурожаат қилган фуқароларга нисбатан тамагирлик ҳолатлари ҳамон учраб турибди”, дейди Шерзод Сапаров.
Таҳлилларга кўра, 2023 йилда судлар томонидан кўрилган айблов ҳукми чиқарилган коррупцияга оид жиноят ишлари сони 4 128 тани ташкил қилади. Ўтган йили Республика бўйича жами 6 535 нафар шахс коррупцияга оид жиноятлар учун жиноий жавобгарликка тортилган. Жавобгарликка тортилган 6 535 нафар шахснинг 1 076 нафари ёки 16,4 фоизи озодликдан маҳрум этилган.
Энг кўп содир этилган коррупцияга оид жиноятлар ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш – 2 067, пора бериш – 894, фирибгарлик – 769, пора олиш – 121 ва ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш – 125 ҳисобланади.
2023 йилда коррупцияга оид жиноят содир этган шахслар сони Андижон (971), Сирдарё (472), Сурхондарё (332) вилоятларида ошган.
Соҳалар кесимида ўтказилган таҳлилларга кўра, хўжалик юритиш ва тадбиркорлик – (1 550), таълим – (586), банк соҳасида – (323), соғлиқни сақлаш – (320) ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш (211) соҳаларида энг кўп коррупциявий жиноятлар содир этилган.
Жиноий жавобгарликка тортилган шахсларнинг 12 нафари республика, 319 нафари вилоят, 5024 нафари туман-шаҳар миқёсидаги давлат ташкилотларида фаолият кўрсатган.
Жиноятлар таҳлили кўрсатишича, муқаддам судланган шахсларнинг давлат хизматига қабул қилиниши улар томонидан қайта жиноят содир этилишига имконият яратиб бермоқда. Жумладан, 2023 йилда 1 146 нафар муқаддам судланган шахслар томонидан коррупцияга оид жиноятлар содир этилган бўлиб, уларнинг 566 нафари муқаддам содир этган коррупциявий жиноятлари учун судланган.
LiveБарчаси