“Қатл машинаси”: Эрон ҳукумати 2022 йилда неча кишини ўлимга ҳукм қилди
Олам
−
15 Апрель 2023
7150Эрон ҳукумати ўтган 2022 йилда 582 кишини қатл қилган, бу эса 2021 йилга нисбатан 75 фоизга кўп ҳисобланади. Бу ҳақда “Deutsche welle” хабар берди.
Норвегияда жойлашган Эрон Инсон ҳуқуқлари (ЭИҲ) ва Парижда жойлашган Ўлим жазосига қарши биргаликда (ЎЖҚБ) гуруҳлари 13 апрель куни эълон қилган ҳисоботида тўрт киши ўтган йили охирида бошланган норозилик намойишларида қатнашгани учун осилганини айтди.
Эронда 2022 йил сентябрь ойида бошланган оммавий норозилик намойишларига полиция ҳибсхонасида ҳалок бўлган 22 ёшли этник курд Жина Маҳса Аминининг ўлими сабаб бўлган эди.
Икки гуруҳ томонидан Эрондаги ўлимга ҳукм қилиш жараёнлари “қатл машинаси” деб аталган ва қораланган. Уларга кўра, 2021 йилда Эронда 333 киши қатл этилган. Шунингдек, жорий йилнинг шу пайтигача 151 та қатл амалга оширилган.
Эроннинг Инсон ҳуқуқлари бўйича директори Маҳмуд Амири-Моғаддамнинг айтишича, тўрт нафар намойишчининг қатл этилиши халқаро кескин реакцияларга сабаб бўлган ва бу уларни қатл этишни давом эттириш жараёнини қийинлаштирган.
Моғаддамнинг айтишича, Эрондаги ҳар бир қатл, айбловларнинг қандай бўлишидан қатъий назар сиёсийдир. Моғаддам гиёҳванд моддалар ёки жиноий айбловлар билан ўлимга ҳукм қилинганларни Теҳрондаги режим учун “арзон қурбонлар” деб таърифлади, чунки уларнинг қатл этилиши кенг миқёсда қораланишларга сабаб бўлиши мумкин эмас.
Ҳисоботга кўра, намойишлар бошланганидан бери қатл этилганларнинг ярмидан кўпи гиёҳванд моддалар билан боғлиқ айбловлар билан ўлимга ҳукм қилинган. 2022 йилда қатлларнинг 49 фоизи қотиллик айбловлари бўйича амалга оширилган.
Гуруҳлар, шунингдек, қатлларни эълон қилишда шаффофлик йўқлигини маълум қилди. Уларнинг таъкидлашича, барча қатлларнинг 88 фоиздан ортиғи ва гиёҳванд моддалар билан боғлиқ қатлларнинг 99 фоизи расмийлар томонидан эълон қилинмаган.
Эслатиб ўтамиз, Эронда 2022 йилнинг 16 сентябрь куни Эронда ахлоқ полицияси томонидан нотўғри ҳижоб кийгани учун ҳибсга олинган 22 ёшли талаба Маҳса Амини вафот этганди. Унинг вафотидан сўнг мамлакатда норозилик намойишлари бошланган. Намойиш сифатида бутун мамлакат бўйлаб аёллар ҳижобни ёқиб, сочларини кесди. Ушбу норозилик дунёнинг бошқа мамлакатларида ҳам акс-садо берди. Намойишчилар кўчаларни тўсиб, хавфсизлик кучларига тош отди, полиция машиналари ва ахлат қутиларига ўт қўйди, ҳукуматга қарши шиорлар айтди.
Уч ой ичида митинг ва юришлар 157 та шаҳар ва аҳоли пунктларини қамраб олди. Тартибсизликларни бостириш вақтида 507 нафар фаол ва 66 нафар хавфсизлик хизмати ходими ҳалок бўлганди.
LiveБарчаси