“Ҳамма нарса бўлиши мумкин”. Трамп АҚШ ва Эрон ўртасида уруш бўлишини истисно қилмади
Олам
−
21:43
696АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трамп Эрон билан уруш эҳтимоли ҳақида гапириб, бу борада ҳамма нарса содир бўлиши мумкинлигини билдирди. Бу ҳақда у “Time” журналига берган интервьюсида сўз очди.
Трамп журналистнинг Теҳрон билан кенг кўламли қуролли тўқнашув эҳтимоли ҳақидаги саволига жавоб бериб, бунинг содир бўлишини инкор этмаган. Бироқ сиёсатчи келажакда Эрон билан боғлиқ қандай чоралар кўрилиши ҳақида аниқ маълумот бермаган.
“Ҳар қандай ҳодиса содир бўлиши мумкин. Ҳамма нарса бўлиши мумкин. Бу жуда беқарор вазият”, деди у.
Шунингдек, Трамп Фаластин можаросида тинчликка эришиш учун зарур бўлган ҳар қандай қарорни қўллаб-қувватлашини айтган, аммо икки давлатли ечимга бўлган содиқлигини тасдиқлашдан бош тортган.
“Мен тинчликка эришишга ёрдам берадиган ҳар қандай қарорни қўллаб-қувватлайман. Икки давлатли ечимдан ташқари бошқа ғоялар ҳам мавжуд, аммо мен тинчликка эмас, балки мустаҳкам тинчликка эришиш учун зарур бўлган ҳамма нарсани қўллайман. Ҳар беш йилда бир марта фожиа бўлиб туриши мумкин эмас. Бошқа муқобиллар ҳам мавжуд”, дейди Трамп.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Эрон Ислом Республикасининг стратегик масалалар бўйича вице-президенти Муҳаммад Жавад Зариф мамлакат ҳукумати Дональд Трамп маъмурияти билан мулоқот ўрнатишга тайёрлигини билдирган эди. Эрон расмийсига кўра, "20 йилдан ортиқ давом этган иқтисодий санкциялардан сўнг, АҚШ ва унинг Ғарбдаги иттифоқчилари Эрон уларнинг босимига берилмаганини тан олишлари керак; мажбурлаш чоралари доимий равишда тескари натижа берган".
LiveБарчаси