Қашқадарёнинг 3 та туманида қатор бозорлар ёпилади
Жамият
−
19 Июнь 2020
13478Қашқадарё вилоятининг Муборак, Косон ва Касби туманларидаги қатор бозорлари карантин қоидаларига риоя қилинмагани учун ёпилади. Бу ҳақда Қашқадарё ҳокими Зойир Мирзаев маълум қилди.
“Муборак тумани марказида жойлашган озиқ-овқат деҳқон бозори худудида маҳсулотлар савдоси тартибсиз ҳолатда. Мавжуд артезиан қудуқ таъмирланмаган, атрофи тозаланмаган. Шунингдек, Қарлиқ кунлик бозорида маҳсулотлар очиқ ҳолатда тартибсиз сотилаётгани, меваларни ювиш, қўл ювиш учун шароитлар йўқлиги сабабли вақтинча ёпилган. Ушбу иккала бозор ҳам карантин талабларини бажармагунга қадар ёпилади.
Косон тумани марказий озиқ-овқат деҳқон бозори кириш чиқиш дарвозаларида фильтр тўлиқ ташкил этилмаган, бозор худудида кўплаб фуқаролар ниқобсиз ҳолатда юриб харид амалга оширмоқда, ижтимоий масофа сақлаш қоидасига риоя этилмаётгани сабабли ёпилади.
Касби тумани худудида жойлашган, давлат рўйхатидан ўтмаган ва ноқонуний фаолият кўрсатиб келаётган 8 та бир кунлик бозорлар, жумладан, Коинот нури, Комилон, Денов, Касби, Фазли, Пандирон, Ғалаба ва Месит бозорларида карантин вақтида тиббий пост, дез барьер ташкил этилмаган, расталар етишмайди, атрофи ўралмаган. Тез бузилувчи маҳсулотлар ерда сотилмоқда. Дарвоза ва аниқ кириш жойи ташкил этилмаган. Ушбу бозорлар ҳам карантин талабларини бажармагунга қадар ёпилади”, деди Мирзаев.
У шунингдек, Чироқчи тумани худудида жойлашган барча озиқ-овқат деҳқон бозорларида карантин қоидаларига риоя этиш қониқарсиз ҳолатда эканини қайд этди. Бу каби мисоллар Чироқчи ва Ғузор туманларида анчагина экани қўшимча қилинди.
Аввалроқ, Қашқадарёда 7 та бозор карантинга ёпилгани ҳақида хабар берган эдик.
LiveБарчаси