Қашқадарёдаги пахта кластерига иш қўзғатилди
3-саҳифа
−
18 Октябрь
14891Қашқадарё вилоятида фаолият кўрсатувчи “Қарши агрокластер” МЧЖга нисбатан манипуляция ҳаракатларини содир этганлиги учун тегишли таъсир чораси қўлланди. Бу ҳақда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси хабар берди.
Қўмитанинг Қашқадарё вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан биржа савдоларини ўтказишда рақобатни чеклашга олиб келадиган ёки олиб келиши мумкин бўлган ҳаракатларни тақиқлаш бўйича қонунчилик ҳужжатлари бузилишлари юзасидан олиб борилган ўрганиш ишлари натижасида, “Қарши агрокластер” МЧЖ пахта-тўқимачилик кластери томонидан 8 та ҳолатда пахта толаси маҳсулотини тўғридан-тўғри шартномалар асосида сотилгани аниқланган.
Шунингдек, ушбу маҳсулотни биржа савдоларида шаклланган ўртача биржа котировка нархлари билан таққосланганда, нархларини юқори қўллаш оқибатида жами 517 миллион сўмга яқин миқдорда тафовут маълум бўлган.
Юқоридаги аниқланган ҳолатларга мувофиқ, қўмитанинг Махсус комиссияси томонидан “Рақобат тўғрисида”ги Қонуннинг 29-моддаси ва Вазирлар Маҳкамасининг 170-сонли қарори билан тасдиқланган Низом талаблари бузилиши аломатлари билан “Қарши агрокластер” МЧЖга нисбатан иш қўзғатилиб, натижаси юзасидан белгиланган тартибда тегишли таъсир чораси қўлланилган.
Шу билан биргаликда, қонунбузилиш ҳолатини бартараф этиш ва келгусида йўл қўймаслик бўйича бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатма берилган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Навоий вилоятида жойлашган иккита кластерда техник чигит маҳсулотини савдога қўйиш жадвалларига мувофиқ биржа савдоларига қўймаслик оқибатида олдинги биржа савдоларида шаклланган маҳсулотнинг ўртача сотилиш нархи ўртасидаги тафовут келиб чиққани ва биржа савдоларига сотиш жадвалларида назарда тутилган ҳажмларда сотувга қўймагани оқибатида асоссиз даромад олгани аниқланганди.