Қашқадарёда сохта ИИО ходими ушланди
3-саҳифа
−
28 Ноябрь
4767Қашқадарё вилоятида Ички ишлар формасини кийиб, ўзини катта лейтенант сифатида кўрсатиб, фуқароларнинг пулларини ўзлаштириб келган шахс ушланди. Бу ҳақда вилоят ички ишлар бошқармаси хабар берди.
Маълум қилинишича, ИИВ Шахсий хавфсизилик бош бошқармаси ва Қашқадарё вилояти бош бошқармаси томонидан тезкор тадбир ўтказилган. Тадбир давомида Ички ишлар органларининг хизмат кийимини кийган ҳолда ўзини ИИО ходими деб таништириб, фуқароларнинг пулларини ўзлаштириб келган шахс аниқланган.
Ушбу шахс катта лейтенант унвони билан фуқароларни алдаб, уларнинг ишончига кирган. У жорий йилнинг февраль ойида Ғузор ва Қамаши туманида яшовчи фуқароларни алдаб, ҳар бирининг номига 11 млн сўмдан жами 22 млн сўмлик кредит ва бошқа моддий бойликларни расмийлаштирган. Сўнгра ушбу пулларни қўлга киритиб, ўзининг эҳтиёжлари учун ишлатиб юборган.
Эркакнинг шахсига аниқлик киритилиб, процессуал тартибда ушланган. Холислар иштирокида унинг уйидан ИИОнинг кийимлари ашёвий далил сифатида олинган.
Ҳозирда “сохта ходим”га нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) 3-қисми "б" банди билан жиноят иши қўзғатилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳрида Ички ишлар органлари формасини кийган икки нафар сохта ходим ушланганди. Холислар билан кўздан кечирилганда муқаддам бир неча бор судланган бу шахслар олдидан кучли таъсир қилувчи дорига ўхшаш моддалар топилиб, далилий ашё сифатида олинган. Мазкур икки фуқаро ёнидан топилган дорилар экспертизага топширилган ва шахсларнинг хатти-ҳаракати юзасидан ҳужжатлар расмийлаштирилиб, қонуний қарор қабул қилиниши белгиланган.
LiveБарчаси
“Ўзкимёсаноат” АЖ бошқаруви раиси ўзгарди.
04 Декабрь
Доллар курси бироз пастлади.
04 Декабрь