Қашқадарёда хотинини отиб қўйган эр бир йилга қамалди
3-саҳифа
−
10 Декабрь
8994Қашқадарё вилоятида хотинини отиб қўйган эр бир йил муддатга қамалди. Бу ҳақда Олий суд матбуот котиби Азиз Обидов хабар берди.
Билдирилишича, жорий йилнинг 23 май куни эркак соат 17:30 ларда уйига маст ҳолда бориб, турмуш ўртоғига кўчасида ишлаётган усталарга ёрдам бермоқчилигини айтган. Шунда унинг хотини “уларга халақит берманг” деб жанжал кўтарган. Ўртадаги оилавий тортишув давомида эр сейфида сақлаётган ов милтиғини олиб, аёлини қўрқитиб қўйиш учун унга қурол ўқталган. Аёл қўрққанидан кўчага қочиб чиққан. Жаҳл устида эркак 25-30 метр узоқликдан аёл югуриб кетаётган томонга ўқ узган. Ўқ аёлнинг орқа томони ва сон қисмига теккан. Аёл бундан енгил жароҳат олиб, шошилинч тез тиббий ёрдам бўлимига ётқизилган.
Суд мажлисида эркак айбини қисман тан олиб, хотинини жароҳатлаш нияти бўлмаганини, уни фақат қўрқитмоқчи бўлганини маълум қилган.
Жиноят ишлари бўйича Қарши туман суди уни Жиноят кодексининг 126-1-моддаси (Оилавий (маиший) зўравонлик) 3-қисми билан айбдор деб топиб, аёлни қасддан ўлдирмагани, ўқни ерга узганда ўқ парчаланиб, аёлнинг баданига текканини инобатга олиб, эркакка бир йил озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ бир эркак Самарқанд вилоятида 23 ёшли хотинини кетмон билан уриб ўлдирганди. Суд ҳукми билан айбланувчи эркак Жиноят кодексининг 97-моддаси (Қасддан одам ўлдириш) 2-қисми “ж” банди билан айбдор деб топилиб, 19 йилга озодликдан маҳрум қилинганди.