Қашқадарёда газбаллон портлаши ортидан бир кишининг ўлимига сабаб бўлган талаба қамалди
3-саҳифа
−
15 Август
8900Жорий йилнинг 18 март куни Қашқадарё вилоятида Наврўз сайлида газбаллон портлаши оқибатида 40 га яқин киши жароҳатлангани ҳақида хабар берилганди. Газбаллонни ўрнатган 22 ёшли талаба йигитга суд ҳукми ўқилди. QALAMPIR.UZ суд ҳужжати билин танишди.
Ҳукмда келтирилишича, 2002 йилда Чироқчи туманида туғилган, Тошкент иқтисодиёт ва технологиялар институти талабаси бўлган Б.Ш. Кўкдала туманида ўтказилган Наврўз байрами сайлига 27 литр сиғимдаги газбаллон олиб борган. У сайлда балиқ пишириб сотмоқчи бўлган.
Профилактика инспектори йигитга бир неча бор газбаллонини аҳоли тўпланиб турган ҳудуддан четроққа олиш ёки ерга кўмишини айтган. Аммо Б.Ш. эҳтиёткорлик чора-тадбирларига амал қилмасдан, газбаллонга газ плитасини ўрнатиб, ундан фойдалана бошлаган. Кўп ўтмай газбаллон портлаб кетган.
Ҳодиса оқибатида 7 киши ўртача оғир, 7 киши оғир тан жароҳати олган. Бир киши эса 80 фоиз куйиш жароҳати билан шифохонага ётқизилган. Бироқ бемор аёл 2024 йил 25 апрель куни шифохонада вафот этган.
Б.Ш. судда айбига тўлиқ иқрорлик билдирган.
“Тирикчилик қилиш мақсадида 5-6 йиллардан буён бозор ҳамда байрамларда балиқ пишириш билан шуғулланиб келаман. 2024 йил 18 март куни Тўқмор маҳалласида бўлаётган Наврўз байрамига балиқ пишириб сотиш учун бордим. Мен борган вақтимда байрамда 100 нафардан ортиқ одам бор эди. Даланинг бир четига газбаллон, ўчоқ ва қозонларни ўрнатиб, балиқ пиширишни бошладим. Орадан тахминан 1-2 соат вақт ўтганидан сўнг байрамга 500 атрофида одам йиғилди. Соат 11:00 ларда портлаган овоз эшитилди. Ўша ҳолатда ўзимни йўқотиб қўйдим, шифохонага борганимдан сўнг ўзимга келдим. Кейинчалик ишлатилмаган, яъни захирада турган газбаллон портлаганини билдим”, деган йигит ўз кўрсатмасида.
У қилган ишидан пушаймонлиги, эҳтиётсизлик қилганини айтиб, суддан ўзига нисбатан қонуний енгиллик беришни сўраган.
Суд Б.Ш.ни Жиноят кодексининг 102-моддаси 1-қисми (Эҳтиётсизлик орқасида одам ўлдириш) ва 111-моддаси 3-қисмида (Эҳтиётсизлик орқасида икки ёки ундан ортиқ шахс баданига ўртача оғир ёки баданга оғир шикаст етказиш) назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топди. Унга нисбатан 2 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Йигитга қўлланган муносиб хулқ-атворда бўлиш ҳақидаги тилхат эҳтиёт чораси ўзгартирилиб, у суд залида қамоққа олинган.